00:13 / 24.09.2021
2 178

Ўзбекистонда янги спорт федерацияси ташкил этилди

Ўзбекистонда янги спорт федерацияси ташкил этилди
Фото: «Yuz.uz»
Мамлакатимиз спорт оиласи яна бир янги ташкилот ҳисобига бойиди. Адлия вазирлиги Ўзбекистон Функционал кўпкураш федерациясини жамоатчилик ташкилоти сифатида давлат рўйхатидан ўтказди.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида Функционал кўпкураш федерацияси раиси, Миллий гвардия қўмондони ўринбосари Маъмуржон Ғаниев бошчилигида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда федерация томонидан амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Айтиш керакки, юртимизда енгил ва оғир атлетика, бадиий гимнастика, сузиш, велоспорт каби спорт турларини ўз ичига олган Функционал кўпкураш спорт тури тобора оммалашиб бормоқда.

Мамлакатимиз аҳолиси, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, куч тузилмалари ҳарбий хизматчилари ўртасида мазкур йўналишда кўплаб мусобақалар ташкил этилиб, шахсий таркибнинг жисмоний тайёргарлиги, спортга бўлган иштиёқи оширилмоқда.

Йиғилишда инсондан катта куч, ирода ва чидамлиликни талаб этадиган ушбу спорт турини янада ривожлантириш ҳамда ёшларни Функционал кўпкураш спортига қизиқтириш борасида қатор чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Функционал кўпкурашни янги босқичга олиб чиқиш, ҳудудларда янги тўгараклар очиш, малакали мураббийлар жалб этиш, республика ва халқаро мусобақаларни ташкил этиш, спортчилар учун муносиб шароитлар яратиш, моддий техник базасини янада мустаҳкамлаш борасида қилиниши зарур бўлган ишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

Мазкур йўналишда мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда тегишли тадбирларни ташкил этиш борасида «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Функционал кўпкураш қандай спорт тури?
Функционал кўпкураш – бу кўп энергия талаб қилувчи, кўп бўғимли ҳаракатлардан фойдаланадиган спорт тури бўлиб, у эркин оғирликдаги машқлар, шахсий тана оғирлиги билан машқлар, циклик (кардио) машқлардан фойдаланган ҳолда махсус тузилган комплекслар тўпламларини бирлаштириб, бир вақт давомида узлуксиз бажаришларни ўз ичига олади.

Ушбу спорт турининг асосий вазифаси – тананинг турли тизимларини жадал ривожлантириш ва умумий соғликни мустаҳкамлашдан иборат. Комбинациялашган машқлар иштирокчиларни чиниқтириш, уларни чидамлилик даражасини ошириш, жисмоний имкониятларини ҳар қандай юкламага мослаштиришдан иборат.

Машқлар комплексларини ишлаб чиқишнинг асоси – бу кўп функционаллик тамойилидир. Бу эса тананинг барча функцияларини рақобат йўли билан ишлатиш ва жисмоний жиҳатдан энг яхши тайёрланган спортчиларни аниқлаш имконини беради.

Федерация фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Республикада охирги йилларда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, имкониятлари чекланган шахсларнинг жисмоний реабилитацияси учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда мамлакатнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда спортни ривожлантириш доирасида қатор ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, спортнинг турли ва янги турлари бўйича федерациялар очилмоқда. Функционал кўпкураш федерацияси ҳам шулар қаторида.

Федерация фаолиятини ташкил этиш бўйича асосий ҳужжатлар (Низом ва мажлис қарори) ишлаб чиқилди, федерация раҳбариятининг таркиби тасдиқланди ва уларнинг вазифалари белгиланди. Миллий гвардия Қўмондони ўринбосари М.Ғаниев федерация президенти, Ички ишлар вазири ўринбосари Б.Абдуллаев ҳамда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Л.Раҳматуллаева эса вице-президентлари этиб тайинланди.

Функционал кўпкураш федерациясининг асосий мақсади – соғлом турмуш тарзи ва умуминсоний қадриятларни тарғиб қилиш, ёшларнинг маънавий ва ахлоқий тарбиясини такомиллаштириш, фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишга кўмаклашиш, аҳоли ўртасида функционал кўп томонлама оммалаштириш, хорижий давлатлар билан ушбу соҳада халқаро алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш ҳисобланади.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистонда янги спорт федерацияси ташкил этилди