Trend Micro компаниясининг киберхавфсизлик бўйича мутахассислари Big Head номли янги вирусни аниқладилар. У Интернетда Windows янгиланиши ва Microsoft Word дастури ўрнатувчисини реклама қилиш ниқоби остида тарқалмоқда.
Вирусли файл фаоллаштирилгандан сўнг, компьютер экранида операцион тизимни янгиланишини тақлид қилувчи анимация пайдо бўлади. Кейин фойдаланувчи компьютери блоклангани ҳақида хабар беради. Хабарда, шунингдек, тизимни қайта тиклаш учун Telegram орқали ҳакерлар билан боғланиш ва криптовалютада тўловни амалга ошириш кераклиги айтилади.
Бундан ташқари, Big Head барча мавжуд Windows захира нусхаларини шифрлайди, шунда фойдаланувчи тизимни мустақил равишда тиклай олмайди. Шу билан бирга, вирус «Саватча», Program Files, Temp, Program Data, Microsoft ва App Data файлларига тегмайди ва операцион тизимнинг иш фаолиятини сақлаб қолади.
Мутахассисларнинг аниқлашича, Big Head олдин созламаларни текширади ва агар МДҲ мамлакатларида фойдаланиладиган тиллардан бири танланган бўлса, тизимни блокламайди. Бунинг сабаби маълум эмас.
Кибертаҳдидларни излаш ва таҳлил қилишга ихтисослашган KELA компанияси вирус асосчилари Индонезияда бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг