date

Жанубий Кореяда юз билан тўлов технологияси кенгаймоқда

Жанубий Кореяда юз билан тўлов технологияси кенгаймоқда

Жанубий Кореяда юзни таниш технологияси энди шунчаки шахсни аниқлаш учун эмас, балки тўлов соҳасида ҳам фаол қўлланилмоқда. Илгариги йилларда бу технология асосан смартфонларни очиш ёки аэропортда идентификация жараёнларида ишлатилган бўлса, энди молиявий хизматлар соҳаси ҳам ундан кенг фойдаланишни бошлади.

“Юз билан тўлов” ёки “pay-by-face” деб номланган хизмат тури банк ва финтех компаниялари орасида янги рақобатни бошлаб берди. Бу тизим орқали фойдаланувчи карта ёки телефондан фойдаланмасдан, фақат юз орқали тўловни амалга ошириши мумкин.

Shinhan Card компанияси ушбу йўналишда 2019 йилда биринчи бўлиб пилот лойиҳани бошлаган. У ўз қароргоҳи ошхонаси ва кафеларида ушбу хизматни жорий этиб, кейинчалик Hanyang университети кампусидаги дўконлар ҳамда Homeplus супермаркетларига кенгайтирган. Бироқ ўша вақтда фойдаланувчилар ўз юзларини шахсан банкка бориб рўйхатдан ўтказишлари керак бўлгани сабабли, бу жараён анча ноқулай бўлган.

Бундан ташқари, юзни таниш технологиясига нисбатан жамоатчиликда шубҳалар юқори даражада эди. Ҳозирда эса ушбу хизматлар фақат компания қароргоҳи ва айрим дўконларда чекланган ҳолда фаолият юритмоқда.

Вазият 2023 йилда кескин ўзгарди. Катта финтех компаниялари — Naver Pay ва Toss ушбу бозорга кириб келишди. Улар онлайн тўлов соҳасидаги устунликларини офлайн савдо нуқталарига ҳам кенгайтиришни мақсад қилган.

Бу компанияларнинг асосий аудиторияси — технологияга мойил бўлган ёшлар ҳисобланади. Юзни рўйхатдан ўтказиш ва розилик бериш жараёни тўлиқ мобил иловада амалга оширилади. Бу эса фойдаланувчи учун анча қулай ва тезкор усул ҳисобланади.

2023 йил март ойида Naver Pay университет шаҳарчаларида тизимни ишга туширди. Компания 2025 йил охиригача ўзининг махсус тўлов терминалини ҳам ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу эса хизматнинг янада оммалашишига туртки беради.

Naver Financial компаниясининг технологик директори Ли Сён-бе хизмат ҳақида шундай деди: “Бу сунъий интеллект асосида яратилган тизим бўлиб, ундан фойдаланган киши бу қулайликдан воз кечолмайди. Шу билан бирга, тизимда фирибгарликдан ҳимоя қилиш учун замонавий хавфсизлик технологиялари жорий этилган”.

Мутасаддиларга кўра, яқин йилларда юз билан тўлов технологияси нафақат супермаркетларда, балки жамоат транспорти, тиббиёт муассасалари ва бошқа соҳаларда ҳам кенг жорий этилиши мумкин. Ушбу янги тўлов услуби Корея молиявий тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Жанубий Кореяда юз билан тўлов технологияси кенгаймоқда