
Марказий Осиёда киберхавфсизлик масаласи яна бир бор кун тартибига чиқди. Reuters ёзишича, Google ва Apple каби дунё гигантлари ўз маҳсулотларидан фойдаланувчиларни сўнгги кунларда кескин кучайган хакерлик таҳдидлари ҳақида оммавий равишда хабардор қила бошлади. Корпорацияларнинг бир ва бир вақтда бундай огоҳлантиришлар юбориши вазият жиддийлигидан далолат беради.
Маълум қилинишича, Google айниқса Қозоғистонни юқори хавфли минтақа сифатида белгилаган. Сабаби — ушбу мамлакатда Intellexa компаниясига тегишли жосуслик дастурларидан фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Google томонидан тақдим этилган маълумотларда бу каби ҳужумлар фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларига очиқ хавф солиши таъкидланган.
Apple эса ўз огоҳлантиришларини 2 декабрдан фойдаланувчиларга юборишни бошлаганини билдирди. Компания таҳдидлар бўйича кенг тафсилот бермаган бўлса-да, 150 дан ортиқ давлатда истиқомат қиладиган мижозларига хатар ҳақида хабар берганини тасдиқлади. Бу ҳужумларнинг кўлами ва географияси қанчалик кенг эканини кўрсатади.
Apple маълумотларига кўра, Intellexa жосуслик платформаси орқали амалга оширилаётган хакерлик фаолияти Покистон, Қозоғистон, Ангола, Миср, Ўзбекистон, Саудия Арабистони ва Тожикистон каби мамлакатлардаги юзлаб аккаунтларни қамраб олган. Бу эса Марказий Осиёдаги умумий кибермуҳитга ҳам жиддий таҳдид солиши мумкин.
Экспертлар бундай ҳужумлар маълумот ўғирлаш, қурилмаларни яширин назорат қилиш ва шахсий хавфсизликка путур етказиши эҳтимолини юқори баҳоламоқда. Технология компаниялари эса фойдаланувчиларни созламаларни янгилаб боришга, шубҳали ҳаволалардан эҳтиёт бўлишга ва икки босқичли аутентификациядан фойдаланишга чақирмоқда.
Киберхавфсизлик борасидаги бу янги сигналлар Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам жиддий сабоқ — ахборот маконини муҳофаза қилиш нафақат фойдаланувчи, балки бутун мамлакат хавфсизлигига дахлдор.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.