Yandex Диск иловасининг компьютер версияси пуллик бўлади

Yandex 360 жамоаси компьютерлар учун мўлжалланган Yandex Диск иловаси фойдаланувчиларига электрон почта орқали муҳим огоҳлантириш юборди. Унга кўра, жорий йилнинг 3-июнидан бошлаб иловадан тўлиқ фойдаланиш имконияти фақат пуллик Yandex 360 обунаси мавжуд бўлган фойдаланувчилар учун сақланиб қолади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Компания вакилларининг тушунтиришича, ушбу санадан эътиборан обунаси бўлмаган фойдаланувчилар учун булутли функциялар чекланади. Бу файллар билан бевосита булут орқали ишлаш имкониятининг ёпилишини англатади, яни илова ичидаги аксарият амаллар бажарилмайди.
Шу билан бирга, фойдаланувчиларнинг барча маълумотлари булутли хотирада сақланиб қолади. Уларга веб-версия ёки бошқа қурилмалар орқали кириш имконияти ўзгаришсиз қолади. Компьютер иловасида эса фақат аввалроқ қурилмага юклаб олинган файлларгина кўринади.
Yandex ушбу ўзгаришларни иловадан катта ҳажмдаги файллар билан ишлаш учун фойдаланиш ҳолатлари кўпайгани билан изоҳлади. Бундай жараёнлар катта ресурс талаб қилиши сабабли, компания ушбу функцияларни обуна моделига ўтказишга қарор қилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!