Қозоғистонда доллар солинган чемоданлар топилди: икки йирик давлат компанияси раҳбари қўлга олинди

Қозоғистон пойтахти Остонадаги «Атлант-6» турар жой мажмуаси яқинида ичида доллар купюралари бўлган чемоданлар топилди. Бу воқеа фонида мамлакатнинг йирик давлат компаниялари — «Самруқ-Қазина» миллий фаровонлик жамғармаси ва «Қазақстан темир жолы» компанияси раҳбарлари қўлга олингани маълум бўлди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда кўп миқдордаги доллар купюралари ерга сочилиб ётгани акс этган. Хабарларга кўра, пуллар Остона шаҳрининг Есил туманидаги Қўнаев кўчасида жойлашган турар жой мажмуаси яқинидан топилган. Ҳодиса жойига полиция ходимлари етиб келган.
Айрим хабарларда чемоданлар бинодаги хонадонлардан бирининг деразасидан ташлаб юборилгани айтилмоқда. Бироқ пулларнинг қаердан келиб қолгани, миқдори ва кимга тегишли экани ҳозирча аниқ эмас.
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг маълум қилишича, 11 ноябрь куни коррупцияга қарши курашиш хизмати «Самруқ-Қазина» бошқаруви раиси Нурлан Жақупов ва «Қазақстан темир жолы» бошқаруви раиси Елжас Отиншиевни, шунингдек, бошқа шахсларни ҳам қўлга олган. Улар коррупцияга оид жиноятни содир этишда гумонланмоқда.
Идора ҳозирда ишнинг барча ҳолатларини аниқлашга қаратилган тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирган. Тергов сирини сақлаш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган.
Аввалроқ ОАВда Отиншиев Остонадаги «Танжир» лаунж-барида Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Айрим нашрлар манбаларига таяниб, раҳбарлар пора олишга уринишда гумонланаётганини ёзган. Бироқ расмий идора гумоннинг аниқ мазмунини очиқламаган.
«Самруқ-Қазина» миллий фаровонлик жамғармаси Қозоғистоннинг нефть-газ, транспорт, энергетика ва телекоммуникация каби йирик давлат активларини бошқаради. Нурлан Жақупов 2023 йилдан буён жамғармага раҳбарлик қилиб келган.
Елжас Отиншиев эса 2026 йил июль ойида «Қазақстан темир жолы» миллий компанияси бошқаруви раиси этиб тайинланган.
Ҳозирча топилган пуллар ва икки раҳбарнинг қўлга олиниши ўзаро боғлиқ экани расман тасдиқланмаган.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…