Yandex Алиса AI фойдаланувчиларининг ҳар тўртинчиси сунъий интеллектдан ишда фойдаланади

Yandex жамоаси фойдаланувчиларнинг сунъий интеллект технологияларидан касбий фаолиятда қандай фойдаланаётгани бўйича тадқиқот натижаларини эълон қилди. Маълумотларга кўра, компьютер орқали Алиса AI тизимига йўлланаётган ҳар тўртинчи сўров иш, фан ёки мартаба билан боғлиқ. Иш кунларида бу кўрсаткич 26 фоизгача етса, дам олиш кунлари 17 фоизни ташкил этади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Мобил қурилмаларда иш билан боғлиқ сўровлар улуши ҳозирча 4,4 фоизни ташкил этса-да, бу йўналиш ҳам жадал ўсмоқда. Сўнгги ярим йил ичида смартфон ва планшетлар орқали бериладиган ишга оид сўровлар сони 25 фоизга, компьютерларда эса 16 фоизга ошган. Фойдаланувчилар асосан маълумот олиш (47 фоиз), маслаҳат ва ғоялар излаш (25 фоиз) ҳамда вазифаларни тўлиқ сунъий интеллектга топшириш мақсадида мурожаат қилишади.
Сўровлар кўпинча IT соҳаси, саноат, бизнес, юриспруденция, иш юритиш ва муҳандислик йўналишларини қамраб олади. Ҳар бир соҳада сунъий интеллектдан фойдаланиш усуллари турлича: IT мутахассислари кўпроқ маслаҳат ва йўриқномалар сўраса, муҳандислик ва ҳуқуқшунослик вакиллари аниқ маълумотларга эҳтиёж сезади.
Yandex мутахассисларининг таъкидлашича, фойдаланувчилар шартнома тузишда контрагентларни текшириш ёки техник параметрларни аниқлаш каби амалий масалаларда Алиса AI ёрдамига таянмоқда. Ҳужжат шаблонлари, скриптлар ва мижозлар учун хабарномалар тайёрлаш каби тайёр ечимлар эса таълим, маркетинг ва савдо соҳасидаги фойдаланувчилар орасида энг оммабоп ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!