Хитойда дунёдаги илк сув ости маълумотлар маркази ишга туширилди

Хитойда денгиз шамол электр станциялари энергияси билан ишлайдиган дунёдаги илк сув ости маълумотлар маркази тижорий фойдаланишга топширилди. Шанхай қирғоқлари яқинида жойлашган ушбу лойиҳанинг қиймати 226 миллион долларни ташкил этади. 2025-йил июн ойида бошланиб, октябрда якунланган қурилиш ишлари ва февралдаги муваффақиятли синовлардан сўнг, объект тўлиқ қувват билан ишламоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Тахминан 35 метр чуқурликда жойлашган 24 МВ қувватга эга марказ 2000 га яқин серверни ўз ичига олади. Улар орасида сунъий интеллект вазифалари, 5G технологиялари ва катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш учун мўлжалланган кучли GPU қурилмалари ҳам мавжуд. Тизимнинг асосий афзаллиги шундаки, анъанавий совутиш тизимлари ўрнига денгиз сувидан фойдаланилади, бу эса иссиқликни табиий равишда самарали чиқариб ташлайди.
Лойиҳа оффшор шамол электр станциялари билан интеграция қилинган бўлиб, бу марказни қайта тикланадиган энергия билан таъминлайди ва умумий энергия тизимига тушадиган юкни камайтиради. Бироқ, технология ўзига хос қийинчиликларга ҳам эга: жиҳозлар юқори босим ва коррозияга чидамли бўлиши шарт. Шу сабабли, тизим герметик модуллар ва масофадан бошқариш имкониятига эга юқори даражадаги захира тизимлари асосида қурилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!