Хитойда сунъий интеллект ёрдамида яратилган виртуал ижодкорга ID берилди

Хитойда сунъий интеллект ёрдамида яратилган виртуал ижодкорга ID берилди

Хитойда сунъий интеллект ёрдамида яратилган Юри исмли виртуал қўшиқчига махсус рақамли идентификация ҳужжати берилди. Бу ҳақда 2026 йил 7 октябрь куни ABC News хабар берди.

Пекиннинг Ижуан ҳудудида 11 июнь куни Юрига мамлакатдаги илк «рақамли санъаткор картаси» топширилган. Ҳужжатда виртуал қаҳрамоннинг исми, туғилган санаси, манзили ва ташқи кўринишига оид маълумотлар қайд этилган. Мазкур ташаббус сунъий интеллект ёрдамида яратилган ижодкорларнинг фаолиятини қонуний тартибга солишга қаратилган.

Юри ҳақиқий инсон эмас, балки сунъий интеллект технологиялари ёрдамида яратилган виртуал қўшиқчи. Унинг образини ишлаб чиқиш, технологиясини бошқариш ва фаолиятини юритиш билан мутахассислар жамоаси шуғулланади. Виртуал ижодкор Хитойнинг ижтимоий тармоқларида 100 мингдан ортиқ кузатувчига эга.

Янги тартиб доирасида Юри фаолиятини юритувчи жамоа унинг номидан рақамли юань учун корпоратив ҳамён очиш ва тижорий ҳамкорликларни амалга ошириш имкониятига эга бўлди. 2026 йил сентябрь ойида Хитой расмийлари Юри ва яна бир виртуал ижодкор КОКО рақамли юань корпоратив ҳамёнига эга бўлган илк рақамли қаҳрамонлар қаторига кирганини маълум қилган.

Хитойда виртуал инсонлар саноати жадал ривожланмоқда. Улар реклама, мода, ўйинлар, жонли эфирлар ва бошқа соҳаларда қўлланмоқда. Шу билан бирга, бундай технологиялар муаллифлик ҳуқуқи, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва виртуал образлар фаолияти учун ким жавобгар бўлиши каби масалаларни ҳам кун тартибига олиб чиқмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар