Xiaomi рекорд даражадаги 100 дан ортиқ смартфон модели учун батарея алмаштириш дастурини эълон қилди

Xiaomi компанияси смартфонларнинг хизмат муддатини узайтириш мақсадида эскирган аккумуляторларни янгилаш дастурини кенгайтиришда давом этмоқда. Ҳозирги вақтда ушбу дастур Xiaomi ва Redmi брендларининг 101 та моделини қамраб олди, бу эса бундай лойиҳалар тарихидаги энг йирик кўрсаткичдир. Хитойда оригинал батареялар нархи тахминан 7 доллардан бошланмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Дастур Xiaomi ва Redmi смартфонларининг кенг кўламли классик моделларини, жумладан Xiaomi 10, Xiaomi 11, Xiaomi 12, Xiaomi 13, Xiaomi 15 серияларини, шунингдек, Redmi К30 дан Redmi К80 гача бўлган барча оммабоп серияларни ўз ичига олади. Асосий таклифлардан бири сифатида фойдаланувчиларга аккумуляторни алмаштириш учун 20 фоизлик чегирма тақдим этилмоқда.
Смартфонлардан ташқари, компания ноутбукларни тозалаш хизмати учун 50 фоиз чегирма ҳамда маиший техникалар — кондиционерлар, кир ювиш машиналари ва ошхона ҳаво сўргичларига хизмат кўрсатиш учун қатъий белгиланган нархларни таклиф қилмоқда. Xiaomi вакилларининг таъкидлашича, қувват сиғимининг пасайиши нормал жараён бўлиб, қурилманинг барқарор ишлаши учун батареяни ўз вақтида алмаштириш тавсия этилади.
Қизиғи шундаки, янги аккумуляторлар баъзи моделларда сиғимнинг ошишига ҳам хизмат қилади. Масалан, Xiaomi 13, Xiaomi 13 Pro ва Xiaomi 13 Ultra моделларида батарея алмаштирилгандан сўнг, уларнинг сиғими мос равишда 4850, 5361 ва 5500 мА/соатгача кўтарилиши маълум қилинган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!