Россия авиацияси учун яқин 10 йилда 500 та янги самолёт керак бўлади

Россия авиакомпаниялари яқин 10–12 йил ичида тахминан 500 та янги йўловчи самолётига эҳтиёж сезади. Бундай прогнозни Бирлашган авиашосозлик корпорацияси (ОАК) бош директори Вадим Бадеха маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳисоб-китоблар ташувчиларнинг прогнозлари ва хорижий ҳаво кемаларининг босқичма-босқич фойдаланишдан чиқарилишига асосланган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
ОАК раҳбари Россия авиация саноати бундай ҳажмдаги етказиб беришни таъминлашга қодир эканини таъкидлади. Фуқаро авиацияси лайнерларининг биринчи партияси учун шартномалар имзоланган ва улар ҳозирда ишлаб чиқариш жараёнида. Кейинги буюртмалар бўйича эса авиакомпаниялар билан ҳамкорликнинг асосий параметрлари келишиб олинган бўлиб, эндиликда ушбу келишувлар расмий контрактлар билан мустаҳкамланиши кутилмоқда.
Авиация паркини янгилашда маҳаллий янги самолётлар асосий ролни ўйнаши кўзда тутилган. Ҳозирги вақтда MS-21 ва СЖ-100 моделларининг сертификатлаш синовлари давом этмоқда. Яқин истиқболда эса минтақавий Ил-114-300 самолёти учун сертификат олиш режалаштирилган. Бундан ташқари, тўлиқ импорт ўрнини босувчи ускуналар билан жиҳозланган модернизация қилинган Ту-214 модели ҳам тегишли рухсатномаларни қўлга киритган.
Бадеханинг таъкидлашича, жорий инвестиция дастури муваффақиятли якунланса, 500 та самолёт ишлаб чиқариш реал вазифага айланади. Россия дунёдаги авиация техникасини яратишнинг тўлиқ сиклига — лойиҳалаштиришдан тортиб, бутловчи қисмлар ва тайёр ҳаво кемаларини ишлаб чиқаришгача бўлган имкониятга эга кам сонли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!