Россияда VPN чекловлари дастурчилар ишига тўсқинлик қилмоқда

Россияда VPN-трафикнинг чекланиши очиқ кодли дастурий таъминот ва халқаро платформалар билан ишловчи IT-компаниялар учун жиддий қийинчиликларни келтириб чиқара бошлади. Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, муаммолар нафақат алоҳида сервисларга, балки бутун ишлаб чиқиш инфратузилмасига дахлдор бўлмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ҳозирда дастурчилар кундалик фаолиятида фойдаланадиган код репозиторийлари, очиқ кутубхоналар, булутли муҳитлар ва версияларни бошқариш тизимларида узилишлар кузатилмоқда. Чекловлар туфайли уланишнинг узилиши, маълумот юклаш тезлигининг пасайиши ҳамда кодни синхронизация қилишда хатоликлар кўпайган.
Натижада, илгари бир неча дақиқада автоматик тарзда бажарилган жараёнлар эндиликда соатлаб вақт талаб қилмоқда ва мутахассисларнинг қўлда аралашувига эҳтиёж туғдирмоқда. Айниқса, маҳсулотлари 50–90 фоизгача опен соурсе ечимларига асосланган компаниялар бу вазиятдан кўпроқ зарар кўрмоқда.
Экспертлар ахборот хавфсизлиги борасидаги хатарлардан ҳам огоҳлантирмоқда. Кўплаб ташкилотларда VPN нафақат ташқи сервисларга кириш, балки ходимларнинг корпоратив инфратузилмага хавфсиз уланиши учун ҳам қўлланилади. Бундай каналлардаги носозликлар масофавий иш тартибини мураккаблаштириб, IT-хизматларига тушадиган юкламани оширмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!