Европадаги рекорд иссиқликнинг асл сабаби маълум бўлди

Европадаги рекорд иссиқликнинг асл сабаби маълум бўлди

Европада кузатилаётган рекорд даражадаги иссиқ об-ҳавонинг асосий сабаби чўл ҳудудларидан кириб келаётган кучли субтропик антициклонлар экани маълум қилинди. Иқлимшунос олимларнинг таъкидлашича, ушбу жараён сўнгги йилларда кескин кучайиб, бир қатор давлатларда тарихий ҳарорат рекордларининг янгиланишига сабаб бўлмоқда.

Камерино университети профессори Массимилиано Фаззинининг сўзларига кўра, Саҳройи Кабир ва Эрон платосидан ҳаракатланувчи иссиқ ҳаво массалари 6–8 километр баландликкача кўтарилади. Кейин улар тоғ тизмаларидан ошиб пастга тушар экан, ҳаво сиқилиши натижасида янада қизиб, ер юзасидаги ҳароратни кескин оширади.

Мутахассиснинг айтишича, авваллари Ғарбий Европада асосан Атлантика океанидан келувчи антициклонлар устунлик қилган бўлса, ҳозирги кунда чўллардан келаётган субтропик антициклонлар тобора фаоллашмоқда. Шу билан бирга, Яқин Шарқдаги чўл ҳудудлари ҳам тез суръатларда қизиб бораётгани вазиятни янада оғирлаштирмоқда.

Олимнинг таъкидлашича, айнан шу омиллар Европа бўйлаб кузатилаётган кучли иссиқ ҳаво тўлқинларини юзага келтирмоқда. Иссиқ ҳаво ер юзасига тушганда янада қизиб, рекорд даражадаги ҳароратларни келтириб чиқаради.

Июнь ойида Европанинг қатор давлатларида ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошиб кетди. Ой сўнггида эса бир нечта мамлакатларда мутлақ ҳарорат рекордлари янгиланди. Франция, Буюк Британия, Нидерландия ва Италияда энг юқори — «қизил» хавф даражаси эълон қилинди.

Айни пайтда Италия ҳудудига навбатдаги кучли иссиқ ҳаво тўлқини яқинлашмоқда. Илгари тарқалган маълумотларга кўра, Европа бўйлаб кузатилган жазирама оқибатида 10 мингдан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмган. Қурбонларнинг аксарияти 65 ёшдан ошган фуқаролар экани қайд этилган.

Шифокорлар ва иқлим мутахассислари аномал иссиқлик нафақат иссиқ уриши, балки юрак-қон томир ҳамда нафас йўллари касалликларининг кучайишига ҳам сабаб бўлишини таъкидламоқда. Шу боис, айниқса кекса ёшдагиларга эҳтиёткорлик чораларига қатъий амал қилиш тавсия этилмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар