Tesla автопилоти яна бир фожиа сабабчиси бўлди: Техасда электромобил уйга бостириб кирди

АҚШнинг Техас штати, Кети шаҳрида Tesla электромобили иштирокида мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Автопилот тизими бошқарувида бўлган автомобил юқори тезликда йўлдан чиқиб кетиб, турар жой биносига бориб урилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Мазкур воқеа Илон Маск раҳбарлигидаги компаниянинг ўзиюрар технологиялари хавфсизлиги борасидаги баҳсларни яна бир бор кун тартибига чиқарди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Гаррис округи шерифи идораси маълумотларига кўра, воқеа жума куни кечки соат 20:00 атрофида содир бўлган. Tesla Model 3 русумли электромобил ҳайдовчиси Майкл Батлер ҳаракат давомида автоном бошқарув функциясидан фойдаланганини тасдиқлаган. Бироқ кутилмаганда тизим назоратни йўқотган ва машина катта тезликда йўл четидаги ғиштли уйнинг деворини тешиб ўтган.
Зарбнинг кучи шунчалик юқори бўлганки, бино ичида бўлган Авила фамилияли аёл оғир тан жароҳатлари олган. Воқеа жойига зудлик билан етиб келган санавиация вертолёти жабрланувчини шифохонага олиб кетган бўлса-да, шифокорларнинг уринишларига қарамай, аёл вафот этди. Ушбу ҳолат технологик носозлик инсон ҳаётига зомин бўлишининг навбатдаги аччиқ мисолига айланди.
Тергов ва техник экспертиза
Кузатув камералари қайд этган тасвирларда Tesla тинч ва осойишта кўчада меъёрдан анча юқори тезликда ҳаракатлангани акс этган. Тўқнашув натижасида нафақат инсон талофат кўрди, балки турар жой биносига ҳам жиддий моддий зарар етди. ixbt.com хабарига кўра, ҳайдовчининг ўзи ҳам турли даражадаги жароҳатлар билан тиббий ёрдамга мурожаат қилган.Дастлабки тергов хулосаларига кўра, ҳайдовчи Майкл Батлернинг қонида алкогол ёки гиёҳванд моддалар изи топилмаган. У тергов билан фаол ҳамкорлик қилмоқда ва кўрсатма бермоқда. Ҳозирча ҳайдовчига нисбатан расмий айблов эълон қилинмаган, бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари авария сабабларини синчиклаб ўрганишда давом этмоқда.
Мутахассислар ҳозирда Tesla автопилот тизимининг ўша вақтдаги ҳолатини ва нима сабабдан тўсиқни аниқлай олмаганини текширишмоқда. Бу каби ҳолатлар Ўзбекистон бозорига ҳам жадал кириб келаётган электромобиллар, хусусан, Tesla моделлари ҳайдовчиларини янада ҳушёр бўлишга чорлайди. Автопилот тизими қанчалик мукаммал кўринмасин, у ҳали тўлиқ хавфсизлик кафолатини бермаслиги мутахассислар томонидан бот-бот такрорланмоқда.
Tesla ҳозирча мазкур ҳодиса юзасидан расмий баёнот бергани йўқ. АҚШ Миллий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (НҲТСА) ҳам ушбу ҳалокат юзасидан алоҳида текширув ўтказиши кутилмоқда. Бу каби технологик носозликлар компаниянинг акциялари нархига ва бренднинг ишончлилик рейтингига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…