Tata Electronics тизимида йирик киберҳужум: Apple ва Tesla ҳужжатлари тарқалиб кетган бўлиши мумкин

Ҳиндистоннинг энг йирик технологик гигантларидан бири бўлган Tata Electronics компанияси ўз тизимларига киберҳужум уюштирилганини расман тасдиқлади. Ушбу ҳодиса натижасида глобал технология бозорининг етакчилари — Apple ва Tesla компанияларига тегишли махфий маълумотлар тармоққа сизиб чиққан бўлиши мумкинлиги хавотирларни келтириб чиқармоқда. Ҳозирда мутахассислар ўғирланган маълумотлар кўламини ўрганишмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Хакерлик форумларида пайдо бўлган маълумотларга кўра, ўғирланган файлларнинг умумий ҳажми 630 GB дан ошади. Бу массив 204 300 дан ортиқ файлни ўз ичига олган бўлиб, улар орасида Apple етказиб берувчиларининг техник спецификациялари ва Tesla ишлаб чиқариш жараёнига оид ҳужжатлар борлиги айтилмоқда. TechCrunch нашри ушбу маълумотларнинг бир қисмини ўрганиб чиқиб, уларнинг ҳақиқийлиги эҳтимоли юқори эканлигини маълум қилди.
Киберҳужум тафсилотлари ва компания муносабати
Киберхавфсизлик бўйича эксперт Ражшехар Ражаҳариа таъкидлашича, сизиб чиққан маълумотлар орасида Outlook электрон почта хизмати ёзишмалари, SAP тизимлари материаллари ва Tata Electronics мижозларига тегишли лойиҳа ҳужжатлари мавжуд. Tata Electronics вакили компания бир неча ҳафта олдин тизимларда шубҳали фаолликни аниқлагани ва дарҳол чоралар кўрганини тасдиқлади.Компания раҳбарияти ушбу ҳодиса операцион фаолиятга, яни заводларнинг ишлашига таъсир қилмаганини таъкидламоқда. Бироқ, айнан қайси маълумотлар ўғирлангани, қанча ходим ёки ҳамкор ташкилотлар зарар кўргани ҳақида батафсил маълумот берилмади. Шунингдек, Apple ва Tesla каби йирик мижозлар бу ҳақда расман огоҳлантирилганми ёки йўқ — бу савол ҳам ҳозирча очиқ қолмоқда.
Ҳиндистоннинг глобал таъминот занжиридаги ўрни
Ушбу киберҳужум стратегик жиҳатдан жуда нозик вақтда юз берди. Сўнгги йилларда Apple, ASML, Intel ва Qualcomm каби компаниялар ўз ишлаб чиқариш қувватларини Хитойдан ташқарига, хусусан, Ҳиндистонга кўчиришга ҳаракат қилмоқда. Tata Electronics ушбу жараёнда асосий бўғин бўлиб, у 2023 йилда Вистрон активларини сотиб олиш орқали iPhone йиғувчи биринчи Ҳиндистон компаниясига айланган эди.Reuters агентлиги хабарига кўра, Apple аллақачон мазкур ҳолат бўйича ўзининг мустақил суриштирув ишларини бошлаб юборган. Хакерлар ўғирланган маълумотлар эвазига товон пули талаб қилаётгани ҳақида ҳам норасмий маълумотлар мавжуд. Tata Group таркибига кирувчи ушбу корхона 2024 йилда Tesla билан яримўтказгичлар етказиб бериш бўйича ҳам шартнома имзолаган эди.
Мазкур воқеа глобал технологик занжирлар янги ҳудудларга кўчирилаётган бир пайтда киберхавфсизлик масаласи нақадар муҳим эканини яна бир бор исботлади. Apple ва Tesla ҳозирча вазият бўйича расмий баёнот беришдан тийилмоқда, бироқ экспертлар бу ҳодиса Ҳиндистоннинг ишлаб чиқариш маркази сифатидаги нуфузига таъсир қилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.






























Изоҳлар 0
…