Роскосмос ва NASA Халқаро коинот станцияси фаолиятини 2030-йилгача узайтирди

Россиянинг Роскосмос давлат корпорацияси ва АҚШнинг NASA аэрокосмик агентлиги Халқаро коинот станцияси (ХКС) фаолиятини 2030-йил якунига қадар давом эттириш бўйича расмий келишувга эришди. Ушбу қарор глобал илмий ҳамжамият учун муҳим аҳамиятга эга бўлииб, инсониятнинг коинотдаги энг йирик лабораторияси яна бир неча йил хизмат қилишини кафолатлайди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Мазкур келишув ҳақида Роскосмос бош директори ўринбосари Дмитрий Баканов «Soyuz MS-29» бошқариладиган кемасининг ХКС билан муваффақиятли туташувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида маълйм қилди. Аввалроқ томонлар станциядан фойдаланиш муддатини камида 2028-йилгача деб белгилаган эди, бироқ янги музокаралар натижасида бу муддат яна икки йилга узайтирилди.
Янги орбитал станциялар ва ҳамкорлик истиқболлари
Ҳозирги вақтда ХКС ўз ресурсининг сўнгги босқичида экани сир эмас. Шу сабабли ҳам Россия, ҳам АҚШ келажакда ўзларининг мустақил орбитал станцияларини қуриш режаларини фаол ишлаб чиқмоқда. Шунга қарамай, амалдаги лойиҳани сақлаб қолиш илмий тажрибаларни узлуксиз давом эттириш учун зарур деб топилди.Музокаралар давомида томонлар нафақат ХКСнинг келажаги, балки у ўз фаолиятини тўхтатганидан кейинги ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилишди. Хусусан, Роскосмос ва NASA янги лойиҳалаштирилаётган миллий станцияларнинг техник жиҳатлари бўйича маълймот алмашишни давом эттиришга келишиб олдилар.
Дмитрий Бакановнинг сўзларига кўра, бундай техник мувофиқлаштириш келажакда коинотда юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларда бир-бирига ёрдам бериш ва умумий хавфсизлик стандартларини сақлаб қолиш учун хизмат қилади. Бу эса коинотни ўзлаштиришда рақобат билан бирга ўзаро кўмак ҳам муҳим ўрин тутишини кўрсатмоқда.
Халқаро коинот станцияси 1998-йилдан буён орбитада фаолият юритиб келмоқда ва у кўплаб давлатларнинг технологик ютуғини ифодаловчи ноёб иншоотдир. Ixbt.com хабарига кўра, ушбу келишув коинот соҳасидаги сиёсий мураккабликларга қарамай, илмий ҳамкорлик устувор бўлиб қолаётганидан далолат беради.






























Изоҳлар 0
…