Google DeepMind раҳбари сунъий интеллект устидан халқаро назорат ўрнатишга чақирди

Google DeepMind компанияси раҳбари Демис Ҳассабис жаҳон ҳамжамиятини энг кучли сунъий интеллект (СИ) моделларини оммага тақдим этишдан аввал уларни синовдан ўтказувчи ва баҳоловчи мустақил ташкилот тузишга чақирди. Унинг фикрича, бундай тузилма глобал хавфсизликни таъминлаш учун ўта муҳим бўлиб, зарурат туғилганда хавфли технологияларнинг тарқалишини вақтинча чеклаш ваколатига эга бўлиши лозим. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ҳассабис ўзининг "А Фрамеворк фор Фронтиер AI анд те Давнинг оф а Нев Аге" номли мақоласида илғор СИ тизимлари учун глобал қоидаларни ишлаб чиқиш вақтини ортга суриб бўлмаслигини таъкидлади. У таклиф этаётган халқаро назорат органи мустақил экспертлар гуруҳи сифатида фаолият юритиб, энг мураккаб моделларнинг жамият учун хавфсизлигини текшириши керак. Бу ташаббус технологик оламда СИ ривожи назоратдан чиқиб кетиши ҳақидаги хавотирлар кучайган бир пайтда илгари сурилмоқда.
АҚШ етакчилигидаги янги тартиб
DeepMind раҳбарининг фикрига кўра, ушбу халқаро тузилмани ташкил этишда АҚШ ташаббускор бўлиши лозим. Бу мамлакатнинг технологик бозордаги етакчи ўрни ва СИ соҳасидаги улкан салоҳияти шундай масъулиятни юклайди. Таклиф этилаётган орган таркибига СИ хавфсизлиги бўйича мутахассислар, илмий доира вакиллари ва очиқ кодли дастурий таъминот ишлаб чиқувчилари кириши кўзда тутилган.Ахиос нашри маълумотларига кўра, Ҳассабис ушбу ташаббусни бир неча ойдан бери АҚШ маъмурияти, Европа расмийлари ва бошқа йирик СИ лабораториялари билан муҳокама қилиб келмоқда. У янги ташкилот жорий йил якунига қадар иш бошлашига умид қилмоқда. Бироқ, ҳозирча на халқаро миқёсда, на АҚШнинг ўзида бундай регулятор учун ягона ҳуқуқий база ёки келишилган формат мавжуд эмас.
Сунъий умумий интеллект (AGI) остонасида
Ҳассабиснинг огоҳлантиришича, инсоният сунъий умумий интеллект (AGI) даражасига яқинлашмоқда. Бу шундай тизимки, у инсон бажара оладиган деярли ҳар қандай интеллектуал вазифани у билан тенг ёки ундан юқори даражада бажара олади. Бундай технологик сакраш иқтисодиёт ва жамиятда фундаментал ўзгаришларни келтириб чиқариши муқаррар, шунинг учун назорат механизмларини ҳозирдан яратиш шарт.Шунингдек, Google DeepMind раҳбари СИ тизимларидан биологик қурол яратишда фойдаланиш хавфини ҳам алоҳида қайд этган. Аввалроқ у бошқа технологик гигантлар раҳбарлари билан биргаликда ушбу йўналишда ҳимояни кучайтириш зарурлигини айтиб чиққан эди. Шу билан бирга, мутахассислар меҳнат бозоридаги кутилаётган ўзгаришларга ҳам тайёргарлик кўриш кераклигини эслатиб ўтишмоқда.
Ҳозирча глобал назорат органини тузиш мураккаб вазифа бўлиб қолмоқда. Турли давлатлар СИ хавфларини турлича баҳолайди, йирик компаниялар эса бир томондан тартибга солишни ёқласа, иккинчи томондан ўз моделларини пойга тарзида ривожлантиришда давом этмоқда. Ҳассабиснинг таклифи аслида энг кучли СИ тизимларининг рухсат этилган чегараларини ким ва қандай белгилаши кераклиги ҳақидаги муҳим саволни ўртага ташлади.






























Изоҳлар 0
…