Ҳиндистоннинг Эмергент стартапи ярим йилда ўз қийматини беш бараварга оширди

Сунъий интеллект асосида код ёзишга ихтисослашган Ҳиндистоннинг Эмергент стартапи навбатдаги инвестиция раундида 130 миллион доллар жалб этиб, расман "ягона шох" (уникорн) мақомига эга бўлди. Компаниянинг бозор қиймати атиги олти ой ичида беш бараварга ўсиб, 1,5 миллиард долларга етди. Бу воқеа технология оламида сунъий интеллектга асосланган дастурлаш воситаларига бўлган қизиқиш нақадар юқори эканини яна бир бор исботламоқда. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Креаегис хусусий инвестиция фирмаси етакчилигида ўтган Сериес К молиялаштириш босқичида МНИ Вентурес-Клайпонд ва Сентинел Глобал каби янги инвесторлар билан бир қаторда, Хосла Вентурес, СофтБанк Висион Фунд 2 ва Й Комбинатор каби йирик фондлар ҳам иштирок этди. TechCrunch нашри маълумотига кўра, ушбу келишувдан сўнг Эмергент стартапининг жами жалб қилган маблағлари миқдори 230 миллион долларга етди.
Кичик бизнес учун рақамли инқилоб
Эмергент ўзининг асосий эътиборини йирик IT-корпорацияларга эмас, балки анъанавий равишда электрон почта, электрон жадваллар ва мессенжерлар орқали иш юритадиган кичик ва ўрта бизнес вакилларига қаратмоқда. Стартап асосчиларидан бири Мукунд Жҳа компания ғоясини "қути ичидаги муҳандислар жамоаси" деб таърифлайди. Бу тизим тадбиркорларга мураккаб дастурлаш билимларисиз ҳам ўз бизнес жараёнларини автоматлаштирувчи иловаларни яратиш имконини беради.Ҳозирда компаниянинг йиллик тушуми 120 миллион долларни ташкил этиб, сўнгги тўрт ой ичида 70 фоизга ўсган. Эмергент хизматларидан 200 мингдан ортиқ пуллик мижозлар фойдаланмоқда. Улар орасида юк ташиш жараёнларини кузатувчи дастурлар яратаётган логистика компаниялари, заводлар, қурилиш фирмалари ва кўчмас мулк бошқарувчилари бор.
Рақобат ва глобал бозор
Сунъий интеллект ёрдамида код ёзиш бозори айни пайтда жуда фаол. Replit, Cursor ва Lovable каби стартаплар билан бир қаторда, OpenAI ва Anthropic каби гигантлар ҳам ушбу йўналишда ўз ечимларини таклиф қилмоқда. Бироқ Эмергент ўзини дастурчиларга эмас, балки техник бўлмаган фойдаланувчиларга мўлжалланган платформа сифатида намоён этмоқда. Тизим нафақат код ёзади, балки дастурни жойлаштириш, ҳостинг ва тестдан ўтказиш жараёнларини ҳам ўз зиммасига олади.Компания даромадларининг географик тақсимоти ҳам қизиқарли: тушумнинг учдан бир қисми Шимолий Америка, яна бир қисми Европа ва қолган қисми бошқа бозорлар ҳиссасига тўғри келади. Стартап ватани бўлган Ҳиндистон бозори умумий даромаднинг тахминан 8-9 фоизини таъминламоқда.
Шунга қарамай, Мукунд Жҳа сунъий интеллект яратган маҳсулотларнинг камчиликларини ҳам яширмайди. Унинг таъкидлашича, ҳозирча дизайн масаласи энг заиф нуқта бўлиб қолмоқда, чунки сунъий интеллект ёрдамида яратилган кўплаб веб-сайтлар бир-бирига жуда ўхшаш бўлиб чиқмоқда. Келгусида компания ушбу жиҳатни такомиллаштириш ва фойдаланувчиларга янада такрорланмас интерфейслар яратиш имконини беришни мақсад қилган.






























Изоҳлар 0
…