Жавоҳир ва Бибисоранинг футболкалари ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлди

Қозоғистонлик таниқли шахматчи Бибисора Асаубаева ва ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров бу сафар ноодатий образлари билан мухлислар эътиборини тортди. Икки ёш шахмат юлдузи бир-бирининг сурати туширилган футболкаларда кўриниш бериб, ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Бибисора Асаубаева ўзининг Instagram саҳифасида Жавоҳир Синдоров билан тушган қўшма суратларни эълон қилди. Суратларда Асаубаева Жавоҳир Синдоровнинг сурати ҳамда «Менинг севимли гроссмейстерим» деган ёзув туширилган футболкани кийган бўлса, Жавоҳир Синдоров эса Бибисоранинг сурати жойлаштирилган ва «Яна бир “малика”ни қўлга киритдим» деган ёзув битилган футболкада кўриниш берди.
Постга изоҳ қолдирган Асаубаева: «Жавоҳир учун энг машҳур мухлислар изоҳларидан биридан фойдаландим», дея ёзди.
Эслатиб ўтамиз, бу икки гроссмейстер аввал ҳам бир неча бор бирга кўриниш берган эди. Хусусан, Бибисора Асаубаева Норвегияда ўтказилган шахмат турнирида ғалаба қозонганидан кейин у ва Жавоҳир Синдоров Монакода бўлиб ўтган «Формула-1» пойгасини биргаликда томоша қилган.
Орадан кўп ўтмай, ёш шахматчилар Париждаги машҳур «Диснейленд» боғига ҳам биргаликда ташриф буюришди. Кейинчалик эса уларнинг Франция пойтахти Парижда бирга вақт ўтказгани акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, мухлислар орасида турли муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Бу сафар эса бир-бирининг сурати туширилган футболкаларда кўриниш бериши интернет фойдаланувчилари эътиборини янада кучлироқ тортди.






























Изоҳлар 0
…