23:47 / 07.05.2020
2 191

Лукашенко Беларусда яратилган Tesla «қотили» билан танишди (видео)

Лукашенко Беларусда яратилган Tesla «қотили» билан танишди (видео)

Фото: Autorambler
Беларусь президенти Александр Лукашенко Миллий Фанлар академиясида кўргазмага қўйилган маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган электрокарлар билан танишди. Кўплаб моделлар орасидан «родстер» кузовида яратилган икки ўриндиқли электромобиль ҳам ўрин олган бўлиб, лойиҳа муаллифлари уни Tesla’га рақобатчи бўлиши мумкинлигини айтмоқда, деб хабар беради Autorambler.

Ҳозирча мазкур моделнинг фақатгина шассиси ва кузов эскизлари тақдим этилган. Беларусь автомобиль саноатининг мазкур янгилиги Tesla’ни динамик кўрсаткичлар бўйича ортда қолдириши ваъда қилинмоқда. Лойиҳа муаллифларининг сўзларига кўра, орқа узатмали электрокар соатига 170 км/соат тезликка қадар ҳаракатланиши мумкин. Машина бир марта қувватланиш орқали 270 километр масофани босиб ўта олади.

Лукашенко электробус, электровелосипедлар, электросамокат ва скутерлар каби бошқа ихтиролар билан ҳам танишиб, уларнинг дизайнини такомиллаштириш бўйича маслаҳатлар берган ва айрим моделларни синаб кўришни ваъда қилган.

Шунингдек, кўргазмада «МАЗ» электрокари, муз қуйиш машинаси, яна бир неча электрокарлар прототипи, қувватлантириш станциялари ва келажак моделлар учун аккумуляторлар намойиш этилди. Президент мамлакатнинг муз ареналари учун бир неча электротехника нусхаларини буюртма қилишини таъкидлаб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Беларусь президентининг автопаркидан Tesla S P100D модели ҳам ўрин олган. Аввалроқ Лукашенко ушбу автомобилни Tesla раҳбари Илон Маскнинг шахсан ўзи совға қилганини билдирганди. Америкалик бизнесмен эса ўз навбатида ушбу баёнотни рад этган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)