Бел ёки оёқ оғриса, кардиолог кўригидан ўтинг: юрак ишемик касаллигининг кутилмаган белгилари
Юрак касаллиги бутун дунё бўйлаб ўлимнинг асосий сабаби бўлиб қолмоқда. Юрак хуружининг бошланишини ўз вақтида аниқлаш ва шифокор билан маслаҳатлашиш эса жуда ҳам муҳим. Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш қоидаларини билиш саломатлик учун аҳамиятлидир. Шунингдек, артериялар тиқилиб қолишининг дастлабки белгиларини билиб қўйиш ва ўз вақтида чора кўриш касалликдан ҳимояланишнинг энг яхши йўли ҳисобланади, деб ёзади “Новий очаг”.
Соч тўкилиши
Бунга ишониш қийин, лекин эркак ва аёлларда эрта соч тўкилиши ҳақиқатан ҳам артерияларнинг тиқилиб қолиши ва қон ивишининг юқори хавфи билан боғлиқ. Масалан, 37 000 эркак иштирок этган тадқиқот натижалари соч тўкилиши ва юрак-қон томир касалликлари ривожланиши ўртасидаги боғлиқликни тасдиқлади. 4000 дан ортиқ аёллар иштирок этган яна бир тадқиқот шуни кўрсатдики, бу аломат аёлларда ҳам мавжуд. Шунинг учун соч тўкилиши аввалгидан кўра кўпроқ кузатилса, кардиолог томонидан мунтазам текширувдан ўтиш тавсия этилади.
Қулоқ бурмаси
Юрак ишемик касаллигининг яна бир белгиси — қулоқдаги бурма ёки ажинлардир. Касалликнинг бу белгиси сўнгги ўн йилликларда ўтказилган кўплаб тадқиқотларда қайд этилган. Шифокорларнинг таъкидлашича, асосий нарса қон таъминотининг ёмонлашувида: артерияларнинг тиқилиб қолиши туфайли қон яхши ҳайдалмайди ва организм биринчи навбатда муҳим органларни кислород билан таъминлашга интилади, қолган органларга эса кислород бориши қийинлашади.
Оёқларда оғриқ
Айниқса, чекувчилар учун ушбу белгига эътибор бериш жуда муҳимдир: қон таъминоти ёмонлашиши туфайли пастки экстремиталарнинг артериялари тиқилиб қолади ва оёқдаги ўткир оғриқ оқсоқланиш ёки йиқилиб кетишга олиб келиши мумкин. Агар шундай вазият юз берса, шифокор кўригидан ўтиш, шунингдек, кўпроқ сабзавот ейишга ва пиёда юришга ҳаракат қилиш лозим.
Бўйин ва жағда оғриқ
Бу ҳар бир аёл билиши керак бўлган жуда муҳим аломатдир: ҳақиқат шундаки, аёлларда юрак хуружининг дастлабки белгиларидан бири кўкрак қафасида эмас, балки бўйин ёки жағдаги оғриқдир. Афсуски, шунинг учун ҳам аёллар кўпинча шифокорга жуда кеч мурожаат қилади, чунки улар юрак хуружидан гумон ҳам қилмайди. Унутмаслик лозим, бўйин ёки жағдаги оғриқлар кардиолог билан боғланиш учун муҳим сабабдир.
Бел оғриғи
Ишемик юрак касаллигининг яна бир ноодатий, аммо жуда кенг тарқалган аломати бел оғриғидир. Ҳақиқат шундаки, қон айланишининг етишмаслиги дискларни заифлаштириши ва умуртқа поғонасидаги босимни ошириши мумкин, натижада бел соҳасида оғриқ пайдо бўлади. Агар тез-тез бел оғриғи кузатилса, кардиолог билан маслаҳатлашиб, ундан кардиограмма ёки юракнинг ултратовуш текширувини буюришини сўраш мақсадга мувофиқдир.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг