Терининг қуруқлашиб кетиши, сочларнинг хира тортиши, доимий чарчоқ, апатия, уйқу бузилишлари – буларни одатда стресс белгиси, об-ҳаво ўзгаришларининг организмга таъсири сифатида қабул қиламиз. Аммо кўп ҳолларда улар қалқонсимон без билан боғлиқ муаммолардан дарак бераётган бўлиши мумкин.
Қалқонсимон без фаолиятидаги бузилишлар сизга қандай белгилар орқали сигнал беради? Бугун шу ҳақида гаплашамиз.
Қалқонсимон безнинг асосий функцияси тироксин, трийодтиронин ва тиреокальцитонин гормонларини ишлаб чиқаришдан иборат. Қалқонсимон без фаолияти марказий асаб тизими билан бевосита боғлиқ бўлиб, санаб ўтилган гормонлар инсон ўзини қандай ҳис қилаётгани, ташқи кўриниши, руҳий ҳолатига таъсир кўрсатади.
Аёллар беқарор гормонал фон – ой кўриш цикли, ҳомиладорлик, эмизиш даври кабилар туфайли қалқонсимон без фаолиятидаги бузилишлардан кўпроқ азият чекадилар... Шунинг учун ҳам аёлларга йилига энг камида бир марта гормонлар учун таҳлил топшириш тавсия этилади. Қуйидаги белгилар кузатилган ҳолатларда эса зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак бўлади.
1. Ортиқча вазндан ёки озиб кетишдан азият чекяпсиз, тананинг турли соҳаларида шишлар кузатилмоқда
Овқатланиш тартиби, жисмоний машғулотларда ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ, аммо вазнингиз тобора ошиб ёки камайиб кетяптими? Ортиқча килограммлар ҳам, вазн кўрсаткичининг меъёридан пасайиб кетиши ҳам қалқонсимон без билан боғлиқ муаммолар даракчиси бўлиши мумкин. Без фаолиятидаги бузилишлар метаболизмни секинлаштиради ёки аксинча, ўта тезлаштириб юборади. Айрим ҳолатларда эса овқат ҳазм қилиш жараёнига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
2. Сочларингиз тинмай тўкиляпти, мўрт ва синувчан бўлиб қолган... Терингиз қуруқ ва рангпар, бир қарашда сарғайиб кетгандек кўриняпти
Қалқонсимон без касалликларининг илк белгилари – тери ва сочлар билан боғлиқ муаммолар ҳисобланади. Гипотиреоз ҳолатида қалқонсимон без томонидан ишлаб чиқариладиган гормонлар миқдори камайиб кетади, бунинг натижасида гормонал етишмовчилик келиб чиқади, сочлар хиралашади, тўкилади, синувчан бўлиб қолади.
Тери бирдан қуриб кетади, пўст ташлайди, товон ва тирсаклар ёрилади. Шунинг учун ҳам ушбу муаммолар пайдо бўлганда косметолог ёки трихологга эмас, эндокринологга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
3. Ой кўриш циклининг бузилиши
Организмдаги гормонал бузилиш ой кўриш циклининг издан чиқишига олиб келиши ва бепуштликка сабаб бўлиши мумкин. Мисол учун, гипотиреозда организмдаги пролактин миқдори ўзгаради, бу эса репродуктив функцияларнинг бузилишига олиб келади. Шу туфайли бепуштликни даволашга киришишдан аввал қалқонсимон без ҳолатини синчиклаб текшириш тавсия этилади.
4. Мушак ва бўғимлардаги оғриқ
Сўнгги кунларда мушакларингизда сабабсиз оғриқ, ҳолсизлик, оёқ ва қўл мушакларида мадорсизлик кузатилаётган бўлса, шифокор қабулига ёзилишни ортга сурманг. Бундай ёқимсиз белгилар ўз ортидан билаклардаги ноқулайлик ҳисси ва оғриқни ҳам бошлаб келади. Ушбу белгилар ҳам қалқонсимон без фаолиятидаги бузилишларга ишора қилади.
5. Ичак фаолиятининг издан чиқиши
Қалқонсимон без фаолиятидаги бузилишлар кучли қабзият ёки ич кетишига сабаб бўлиши мумкин. Ушбу белгилар кузатилган ҳолатда гастроэнтерологлар беморни эндокринологга йўналтиришади.
6. Бўйин соҳасидаги ноқулайлик ҳисси
Қуйидаги белгилар сизда ҳам мавжуд бўлса, шифокор қабулига ёзилишни бугундан қолдирманг:
• ютиниш вақтида томоқда шиш тургандек бўлса;
• бўйинда бўғилиш ҳисси юзага келса;
• бўйиннинг олд томонида оғриқ пайдо бўлиб, жағ ва қулоқлар томон ёйилса;
• хириллаш, томоқ оғриғи ва йўтал кузатилса.
Санаб ўтилган белгилар қалқонсимон без билан боғлиқ муаммолар юзага келгани, ҳаттоки ушбу соҳада бегона ҳосила пайдо бўлганидан дарак бериши мумкин.
Мутахассисга ўз вақтида мурожаат қилиш касалликни қисқа вақт ичида даволаш ёки унинг устидан назорат ўрнатиш имконини беради.
7. Кайфиятнинг кескин ўзгариши, кучли чарчоқ, апатия, асабийлик ва агрессия
Гипотиреоз ҳолатида ўзингизни кунлар давомида ҳорғин ҳис қиласиз, бошингизни ёстиқдан кўтара олмайсиз. Диққатни бир ерга жамлаш, одатий тартибда ишлаш ҳам олдингидек осон бўлмай қолади. Ўзингизда депрессияга ўхшаш ҳолатни кузатасиз.
Ўринсиз хавотир ҳисси, ваҳима, кайфиятдаги кескин ўзгаришлар, асабийликдан азият чекаётган бўлсангиз, сизда гипертиреоз ҳолати кузатилаётган бўлиши мумкин. Бу касаллик туфайли қалқонсимон без томонидан ишлаб чиқариладиган тироксин ва трийодтиронин гормонлари миқдори ошиб кетиши ҳисобига бўлади.
Гипертиреоз организмнинг босим билан ишлашига олиб келади, натижада яна озроқ вақтдан кейин асабларингиз портлаб кетадигандек туюлади. Бу эса зудлик билан даволанишни талаб қиладиган ўта жиддий касаллик ҳисобланади!
Қалқонсимон без саломатлиги ҳақида қандай қайғуриш керак?
Албатта, соғлом турмуш тарзи: сифатли уйқу, спорт, тамакидан воз кечиш ва ўз вақтида мутахассислар кўригидан ўтиб туриш орқали.
Таркибида йод сақланадиган маҳсулотлар истеъмол қилиш ҳам қалқонсимон без саломатлиги учун муҳим аҳамият касб этади. Организмдаги йод танқислигининг олдини олиш учун таомномага денгиз маҳсулотлари, балиқ, денгиз ўтлари ва тухумни киритиш керак.
Қалқонсимон без гормонларини йилига энг камида бир марта текширтиришни ёдингиздан чиқарманг. Уларнинг миқдоридаги кичик ўзгариш ҳам бутун организмга салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, қуёш нурлари остида тобланишда ҳам меъёрни унутиб қўйманг. Акс ҳолда аутоиммун касалликлари қўзғалиб кетиши, ҳужайралар организмдаги тўқималарга ҳужум қилишни бошлаши ҳеч гап эмас.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг