Организм учун энг фойдали 5 та қуритилган мева

Организм учун энг фойдали 5 та қуритилган мева
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Қуритилган мевалар таркибида тола, калий, темир ва антиоксидантлар каби организм учун зарур бўлган озуқа моддалари жамланган бўлади.
  • Қора олхўри қоқиси ҳазм тизимини яхшиласа, туршак калий ва бета-каротин, анжир эса калсий ҳамда магний манбаи ҳисобланади.
  • Финиклар организмга тез энергия берса, майиз таркибидаги полифеноллар ҳужайраларни ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Қуруқ мевалар нафақат ширин ва мазали газак, балки организм учун зарур бўлган тола, калий, темир ва антиоксидантлар манбаи ҳамдир. Улар таркибидаги сув камайгани сабабли озуқа моддалари нисбатан жамланади. Аммо ҳар бирининг организмга фойдаси турлича.

Қуйида кундалик истеъмол қилиш мумкин бўлган беш хил фойдали қуруқ мевани кўриб чиқамиз.

1. Қора олхўри қоқиси — ичаклар фаолияти учун

Қора олхўри қоқиси ҳазм тизими учун фойдали маҳсулотлардан бири ҳисобланади. У таркибидаги озиқ толалари ва сорбитол моддаси туфайли ичак ҳаракатини рағбатлантириб, қабзиятни енгиллаштиришга ёрдам бериши мумкин. Шунингдек, унда калий ва К витамини мавжуд.

2. Туршак — калий ва бета-каротин манбаи

Oq idishlarga joylangan turli xildagi quritilgan o'riklar va turshaklar.

Қуритилган ўрик, яъни туршак, калийга бойлиги билан ажралиб туради. Калий мушаклар ишлаши ва қон босимини меъёрда сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Туршакда бета-каротин ҳам бор, организм уни А витаминига айлантиради. Бу витамин кўриш қобилияти ва иммун тизими учун зарур.

3. Қуритилган анжир — тола ва минералларга бой

Katakli idishda quritilgan anjir va fonda turshak tasvirlangan.

Анжир қоқиси таркибида озиқ толалари, калий, кальций ва магний мавжуд. У ҳазм жараёнини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради. Бошқа қуруқ меваларга нисбатан кальций миқдори ҳам эътиборга молик.

4. Қуритилган хурмо (финик) — қувват манбаи

Yog'och piyoladagi xurmo mevalari mato ustida turibdi.

Финиклар табиий углеводларга бой бўлгани учун организмга тез энергия беради. Уларда калий, магний ва озиқ толалари ҳам мавжуд. Шу сабабли улар жисмоний фаолликдан кейин енгил газак сифатида истеъмол қилиниши мумкин.

5. Майиз — калий ва антиоксидантлар манбаи

Oq likopcha va yog'och taxtada to'plangan qora mayizlar.

Майиз узумни қуритиш орқали олинади ва таркибида калий, озиқ толалари ҳамда полифеноллар мавжуд. Калий юрак ва мушаклар фаолиятида иштирок этади, полифеноллар эса ҳужайраларни оксидловчи стресс таъсиридан ҳимоя қилишга ёрдам берувчи бирикмалар ҳисобланади.

Қанча миқдорда истеъмол қилиш керак?

Қуруқ мевалар фойдали бўлса-да, уларнинг таркибида табиий шакар ва калория миқдори анча жамланган. Шунинг учун кўп ейиш тавсия этилмайди. Катталар учун бир порция тахминан 30 грамм бўлиши мумкин. Имкон қадар қўшимча шакар қўшилмаган ва сифатли маҳсулотларни танлаш керак.

Қандли диабети бор инсонлар эса қуруқ меваларни истеъмол қилиш миқдорига алоҳида эътибор қаратиши лозим. Шунингдек, уларни овқатланиш оралиғида узлуксиз еб юриш тишлар саломатлигига салбий таъсир қилиши мумкин.

Энг муҳими, қуруқ мевалар янги меваларнинг ўрнини тўлиқ босмайди. Уларни меъёрида ва турли хил озиқ-овқатлар билан биргаликда истеъмол қилиш фойдалироқ.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар