Ўзбекистонда гастрономик туризмни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган рақамли лойиҳа йўлга қўйилди. Туризм қўмитаси матбуот хизмати маълум қилишича, эндиликда сайёҳлар eaten.uz онлайн-платформаси орқали маҳаллий аҳоли уйларига ташриф буюриб, миллий таомлардан татиб кўришлари мумкин.
Янги сервис ҳозирча Самарқанд шаҳри ва Ургут туманида ишга туширилган бўлиб, ундан фойдаланувчилар нафақат таомларнинг тайёрланиш жараёнида иштирок этади, балки тўйлар ёки турли оилавий байрамлар каби миллий маросимларда ҳам иштирокчи бўлиш имконига эга бўладилар.
Платформада қулай излаш тизими йўлга қўйилган — сайёҳлар ўз қизиқишлари ва манзилига қараб уй танлай олади. Шу тариқа, ҳар бир меҳмон маҳаллий оилалар ҳаётига яқиндан назар ташлаб, халқнинг қадриятлари, урф-одатлари ва миллий ошхонаси билан тўлиқ танишиш имкониятига эга бўлади.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — у маҳаллий аҳоли учун қўшимча даромад манбаи яратишни мақсад қилган. Одатий оилалар ўз уйларини сайёҳлар учун очиш орқали туризм иқтисодиётида тўғридан-тўғри иштирок этади. Мутаҳассислар фикрича, бундай ташаббус мамлакатнинг маданий ва гастрономик салоҳиятини халқаро майдонда янада кенг ёритишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, eaten.uz Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги — унинг одамлари, маданияти ва миллий таомлари орқали мамлакатни сайёҳларга янгича талқинда намоён қилишга қаратилган. Келгусида платформа ҳудудлар бўйлаб кенгайтирилиши ва гастротуризмни ривожлантиришда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.