Тошкент туристлар учун янада қулай шаҳарга айланади

Йил бошидан буён Тошкент шаҳрига қарийб 3 миллион хорижлик сайёҳ ташриф буюрди. Энди пойтахтда меҳмонлар учун қулай пиёда маршрутлари, рақамли хариталар, замонавий ҳожатхоналар ва кўпроқ чиқинди қутиларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Асосий мақсад — туристлар ва аҳоли учун Тошкентда сайр қилишни осон, хавфсиз ва қулай қилиш.
Сайёҳларга бепул рақамли хариталар тақдим этилади
Тошкентга келган хорижий меҳмонларнинг аксарияти тарихий обидалар, бозорлар, истироҳат боғлари, кафе-ресторанлар ва туристик маҳаллаларга пиёда боришни истайди.
Шу боис шаҳарда аниқ йўл кўрсаткичлари, қулай сайёҳлик маршрутлари ва рақамли хариталар зарурлиги таъкидланди.
Мутасаддиларга қуйидаги жойларда Тошкент маршрутларини кўрсатувчи хариталарни жорий этиш топширилди:
автобус бекатлари;
темир йўл вокзаллари;
аэропорт;
метро станциялари.
Ушбу хариталарни мобил телефонга бепул ва осон юклаб олиш имконияти яратилади.
Тозалик масаласи танқидий кўриб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент азалдан тоза, озода ва яшил шаҳар сифатида эътироф этилганини қайд этди.
Шу билан бирга, пойтахт кўчалари, хиёбонлари ва боғларидаги тозалик даражаси аҳоли ҳамда туристлар талабига қай даражада жавоб бериши танқидий таҳлил қилинди.
Тозалик оддий маиший масала эмас, балки шаҳар маданияти ва жамият қадрияти экани таъкидланди.
«Тозалик остонадан бошланади»
Маҳалла раислари, нуронийлар ва фаолларга аҳолини ободончилик ишларига кенг жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Жумладан:
ҳудудларни тоза сақлаш;
дарахт экиш;
кўчатларни мунтазам суғориш;
ёшларга экологик маданиятни сингдириш зарурлиги айтилди.
Айниқса, ёш авлод онгига «Тозалик остонадан бошланади» деган қадриятни сингдириш муҳимлиги қайд этилди.
Ҳар бир туманда замонавий ҳожатхоналар қурилади
Пойтахт меҳмонлари ва сайрга чиққан аҳоли учун жамоат ҳожатхоналари етишмаслиги ҳам алоҳида муҳокама қилинди.
Мутасаддиларга бир ой ичида махсус дастур ишлаб чиқиш топширилди. Шу йилнинг ўзида ҳар бир туманда 15–20 тадан замонавий ҳожатхона қуриш режалаштирилмоқда.
Бу объектларни барпо этиш учун ер майдонлари аукцион савдоларига чиқарилади.
Чиқинди қутилари кўпайтирилади
Тошкент кўчалари, сайилгоҳлари ва туристик ҳудудларда чиқинди қутилари сонини кескин ошириш бўйича ҳам чоралар кўрилади.
Режалар амалга оширилса, пойтахт нафақат туристлар учун қулай, балки янада тоза ва тартибли шаҳарга айланиши кутилмоқда.































Изоҳлар 0
…