2025 йил 1 июл ҳолатига кўра, Ўзбекистонда доимий аҳоли сони 37,9 миллион нафарга етди.
Миллий статистика қўмитаси тарқатган маълумотларга кўра, аҳолининг 12,2 миллион нафари (32,2 фоиз) меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклардан иборат. Шу билан бирга, 21,2 миллион киши (56 фоиз) ишлашга қобилиятли ёшдаги инсонлардир. Қолган 4,5 миллион фуқаро (11,8 фоиз) эса меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар қаторига киради.
Муттахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳоли улушининг юқорилиги Ўзбекистон учун муҳим "демографик бонус" ҳисобланади. Бу ҳолат иқтисодий ўсиш жараёнларини жадаллаштириш ва янги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда катта имкониятлар эшигини очади.
Шу маънода, демографик таркибдан унумли фойдаланиш мамлакатнинг стратегик ривожланишида ҳал қилувчи омил сифатида кўрилмоқда. Демак, ёшлар ва ишчи кучидан тўғри ва самарали фойдаланиш Ўзбекистон иқтисодиётининг келгуси истиқболларида асосий драйвер бўлиб хизмат қилиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!