Ўзбекистонда бу ҳафта қандай об-ҳаво кутилади?

Ўзбекистонда жорий ҳафта давомида ҳаво ҳарорати асосан 32-37 даража атрофида бўлиши, жанубий ҳудудларда эса 39 даражагача кўтарилиши мумкин. Бу ҳақда “Ўзгидромет” маълумотларига таянилган ҳолда прогноз берилди.
10–12 июнь кунлари республика ҳудудининг катта қисмида асосан очиқ ва кам булутли об-ҳаво сақланиб қолади. Ёғингарчилик кутилмайди, фақат Фарғона водийси вилоятларида айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши эҳтимолдан холи эмас.
Шамол тезлиги 7–12 м/с атрофида бўлиб, баъзан 13–18 м/с гача кучайиши ва чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.
Тоғолди ва тоғли ҳудудларда 12 июньгача айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ кузатилади. Шунингдек, сел ва сув тошқини каби хавфли ҳолатлар юзага келиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Тошкент шаҳрида кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат 35–37 даража атрофида бўлади. 10–12 июнь кунлари эса ёғингарчилик кутилмайди, ҳарорат кечаси 21–23 даража, кундуз кунлари 33–35 даража атрофида бўлиши кутилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, ёз мавсуми давомида мамлакатда экстремал қийматларга яқин бўлган жуда иссиқ кунлар кузатилиши мумкин. Айрим даврларда ҳаво ҳарорати 42–44 даражагача, шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларда эса 45–47 даражагача кўтарилиши эҳтимолдан холи эмас.





























Изоҳлар 0
…