Ўзбекистонда об-ҳаво кескин ўзгаради: ёмғирлар кутилмоқда

“Ўзгидромет” 15 июнь куни учун об-ҳаво маълумотларини эълон қилди. Синоптиклар маълумотига кўра, ҳафтанинг биринчи кунида мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ кузатилиши мумкин.
Пойтахтда ҳаво бироз булутли ва вақт-вақти билан ўзгарувчан бўлади. Кечқурун айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ кузатилиши мумкин. Шарқий йўналишдаги шамол 3–8 метр/секунд тезликда эсади, айрим вақтларда 10–12 метр/секундгача кучайиб, чанг-тўзонларга сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Ҳаво ҳарорати кечаси 22–24 даража, кундузи эса 36–38 даража атрофида бўлади.
Қорақалпоғистон Республикасида ҳаво ўзгарувчан бўлиб, куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол 7–12 метр/секунд тезликда эсади, айрим ҳудудларда 13–18 метр/секундгача кучайиши ва чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин. Ҳарорат кечаси 18–23 даража, кундузи 32–37 даража бўлади.
Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмаяпти. Ҳаво ўзгарувчан бўлиб, шамол шарқдан 7–12 метр/секунд тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 18–23 даража, кундузи 33–38 даражагача етади.
Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳам ёғингарчилик кутилмайди. Бироз булутли ва ўзгарувчан об-ҳаво сақланиб туради. Шамол айрим жойларда 13–18 метр/секундгача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 22–27 даража, кундузи эса 36–41 даража бўлади.
Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ҳамда момақалдироқ кузатилиши мумкин. Ҳарорат кечаси 20–25 даража, кундузи 33–38 даража бўлиши кутилмоқда.
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ёғингарчилик прогноз қилинмаган. Ҳаво ҳарорати кечаси 22–27 даража, кундузи эса 37–42 даражагача кўтарилади.
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида кечга томон айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат кечаси 20–25 даража, кундузи 33–38 даража бўлади.
Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида ҳаво ўзгарувчан бўлади. Айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Шунингдек, сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиш эҳтимоли мавжуд.
Мутахассислар прогнозларига кўра, Ўзбекистонда ёз фаслининг энг иссиқ кунларида ҳаво ҳарорати 42–44 даражагача кўтарилиши мумкин. Мамлакатнинг шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида эса бу кўрсаткич 45–47 даражагача етиши эҳтимол қилинмоқда.





























Изоҳлар 0
…