Ўзбекистонга шакар импорти кескин қисқарди, нархлар ўсмоқда

Ўзбекистонга шакар импорти кескин қисқарди, нархлар ўсмоқда

Май ойида Ўзбекистонга шакар импорти апрель ойига нисбатан сезиларли даражада камайди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси томонидан эълон қилинган маълумотларда қайд этилди.

Ҳисоботга кўра, ўтган ойда мамлакатга умумий қиймати 50,4 миллион долларлик 68,66 минг тонна шакар олиб кирилган. Таққослаш учун, апрель ойида бу кўрсаткич 61,7 миллион долларлик 86,5 минг тоннани ташкил этган. Натижада бир ой ичида импорт ҳажми қарийб 17,8 минг тоннага ёки 26 фоизга қисқарган.

Шунингдек, февраль ойида 73,2 минг тонна, март ойида эса 77,7 минг тонна шакар импорт қилинган бўлиб, бу кўрсаткичлар ҳам май ойидаги ҳажмдан юқори бўлган.

Қўмита маълумотларига кўра, импорт қилинган шакарнинг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Жами импортнинг 76,7 фоизи ёки 52,7 минг тоннаси пойтахт орқали олиб кирилган. Кейинги ўринни Хоразм вилояти эгаллаган — 6,8 минг тонна.

Навоий, Сирдарё, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида эса шакар импорт қилувчилар мавжуд эмаслиги, маҳсулот мазкур ҳудудларга Тошкент орқали етказиб берилиши қайд этилган.

Маълумотларга кўра, импорт шакарнинг ўртача нархи ҳам ўсишда давом этмоқда. Май ойида бир тонна шакар хориждан ўртача 734 доллардан сотиб олинган бўлса, апрель ойида бу кўрсаткич 723 доллар бўлган.

Шу билан бирга, ички бозорда ҳам шакар нархи кўтарилмоқда. Статистика қўмитаси маълумотига кўра, май ойида шакар нархи яна 1,5 фоизга қимматлашган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар