Ўзбек алифбоси ўзгаради: депутатлар янги қонунни маъқуллади

Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилиниб, кўриб чиқиш учун Сенатга юборилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати маълум қилди.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, амалдаги алифбо таркиби қайта кўриб чиқилиши режалаштирилган. Янги таҳрирга кўра, алифбо 26 та ҳарф ва 3 та ҳарф бирикмаси ўрнига 28 та мустақил ҳарф ҳамда 1 та тутуқ белгисидан иборат бўлади. Шунингдек, айрим ҳарфларнинг қўлланиш тартибига ҳам аниқлик киритилиши кўзда тутилган.
Муҳокамалар давомида депутатлар ушбу ислоҳотни босқичма-босқич ва қулай тарзда амалга ошириш юзасидан бир қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, қонун кучга киргунга қадар расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта, қимматли қоғозлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг амалдаги пешлавҳа, кўрсаткич ва бошқа рамзий белгилари белгиланган муддатгача ўз кучини сақлаб қолиши назарда тутилмоқда.
Таъкидланишича, бундай ёндашув давлат идораларида мавжуд барча ҳужжатлар, бланкалар, кўрсаткичлар ва бошқа воситаларни бир вақтнинг ўзида алмаштириш заруратини бартараф этади. Бу эса бюджет маблағларининг ортиқча сарфланишининг олдини олиш, давлат харажатларини қисқартириш ва алифбодаги янгиликларни молиявий жиҳатдан мақбул тарзда босқичма-босқич жорий этиш имконини беради.
Парламент муҳокамаларида қайд этилишича, қонун лойиҳаси қабул қилиниши ўзбек алифбоси ва имло қоидаларини янада такомиллаштириш, давлат тилининг рақамли муҳитда қўлланилишини кенгайтириш ҳамда замонавий ахборот технологияларига мослашиш жараёнини тезлаштиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланган бўлиб, энди уни Сенат кўриб чиқади.






























Изоҳлар 0
…