21:57 / 07.03.2019
6 447

1 майдан хотин-қизларга кенг ҳуқуқ ва имкониятлар берилади

1 майдан хотин-қизларга кенг ҳуқуқ ва имкониятлар берилади
Фото: Президентнинг Матбуот хизмати
Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш, меҳнат фаолиятини рағбатлантириш ва одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида:

2019 йил 1 майдан:
- аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилинади;
- тавсиявий характердаги аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати тасдиқланади;
- бола парваришлаш таътилининг камида уч ойи ота томонидан фойдаланилган тақдирда, ота ёки онадан бирига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддаси тартибида қўшимча бир ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили берилади;
- икки ёшга тўлмаган фарзандини тарбияловчи ота-оналарнинг бирига уларнинг иш пайтидаги дам олиш ва овқатланиш, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида фойдаланиладиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқи берилади;
- аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади;
- эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглигининг бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриб чиқилишида аёлларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат учун ҳақ уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланади.

Нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган «Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари» ташкил этилади.
Ушбу марказга бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда узоқ муддат бола парваришлаш таътилида бўлган, мушкул иқтисодий аҳволга тушган аёлларни меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар бўйича қайта тайёрлаш ва уларнинг ишга жойлашишига кўмаклашиш; тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган аёлларни марказларга жалб этиш ва тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш ва бошқа вазифалар юклатилади.

Марказлар бизнес-инкубатор шаклида хотин-қизларнинг тадбиркорлик, ҳунармандчилик фаолиятини, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ташкил этилади.

Марказларни сақлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва асосий вазифалари билан боғлиқ бўлган харажатлар Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондига тижорат банкларига имтиёзли кредит ажратиш учун берилган ресурслардан ҳисобланган фоиздан келиб тушган маблағлар (банк маржасидан ташқари) ҳамда халқаро ташкилотлар грантлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизлар туман (шаҳар) ҳокими ва туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси томонидан шакллантириладиган рўйхат асосида махсус ўқитиш дастури бўйича ўқитилади.

Махсус ўқитиш дастурларини муваффақиятли ўзлаштирган хотин-қизлар орасидан тегишли туман (шаҳар) Хотин-қизлар қўмитаси раиси тавсиясига кўра тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга 6 ойлик имтиёзли давр ва йиллик 8 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришни кредитлаш тартиблари асосида ажратилади.

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан тижорат банкларига ҳар йили ажратиладиган 100 миллиард сўм ресурс маблағлари ушбу имтиёзли кредит маблағларининг манбаси этиб ҳисобланади. Мазкур ресурс маблағларининг камида 50 фоизи қишлоқ жойларида истиқомат қиладиган хотин-қизларнинг бизнесини ривожлантиришга йўналтирилади.

Хотин-қизлар қўмитаси кредит олиш учун тавсия бериш жараёнини адолатли ва шаффофлигини таъминловчи тартибни ишлаб чиқади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » 1 майдан хотин-қизларга кенг ҳуқуқ ва имкониятлар берилади