17:46 / 05.05.2019
3 625

«Бу абсурд таклиф!». Университет олимларининг рус тилига расмий тил мақомини бериш ташаббусига муносабати

«Бу абсурд таклиф!». Университет олимларининг рус тилига расмий тил мақомини бериш ташаббусига муносабати
1 май куни vesti.uz сайтида эълон қилинган мурожаатда муаллифлар Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш, бунинг учун мамлакат қонунчилигига зарур ўзгартириш киритишни таклиф қилишди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети олимлари Kun.uz таҳририятига йўлланган хатда Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш бўйича бошланган ташаббусга муносабат билдиришди.

Хабарларда бир гуруҳ ўзбек фаоллари Ўзбекистон қонунчилигига ўзгартириш киритиб, рус тилига расмий тил мақомини бериш таклифи билан чиқишган (айнан расмий тил мақоми, давлат тили мақоми эмас! Кўпчилик манбаларда рус тилига давлат тили мақоми берилсин, дейилгани ҳақида ёзишяпти, бу – хато).

Таклиф муаллифлари ўзбек халқининг атоқли олимлари, машҳур фан, маданият, адабиёт ва санъат намоёндаларидир. Vesti.uz сайтида эълон қилинган «Русский язык нам не чужой» деб номланган манифестда айрим кўз юмиб бўлмайдиган ҳақиқатлар ҳам борлигини инкор этиб бўлмайди.

Биринчиси, рус тили – фан тили эканлиги (хоҳлаймизми, йўқми, исталган соҳада илмий изланиш олиб бормоқчи бўлган инсон рус тилини билмаса, олим бўла олмайди, у инглиз тилини мукаммал даражада билса-да, барибир тўлақонли илмий иш ёза олмайди, чунки қайси соҳа бўлишидан қатъи назар, жуда кўп илмий манбалар рус тилида. Бундан ташқари, минглаб халқаро илмий конференцияларнинг ишчи тилларидан бири сифатида, албатта, рус тили қайд этилади.

Иккинчиси – рус тили МДҲ давлатлари аҳолиси учун ҳали ҳам ўзаро мулоқот тили экани, яъни рус тилини билган одамнинг МДҲнинг исталган ҳудудида таржимонсиз ҳаракат қила олиши, яшаши ва ишлаш мумкинлиги, рус тили БМТ, КХШТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа кўплаб халқаро ташкилотларнинг расмий тили эканлиги.

Учинчиси – шу пайтгача ўзбек адабиёти ва санъати намуналарининг кўпчилиги асосан рус тили орқали жаҳонга машҳур бўлаётгани, чунки ўзбек тилидан бошқа тилларга тўғридан-тўғри таржима қилиш энди йўлга қўйиляпти.

Тўртинчиси, Россия-Ўзбекистон муносабатларининг янги сифат босқичига кўтарилгани. Айниқса, олий таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг бошида президентларнинг ўзлари тургани. Россиядан Ўзбекистон таълим тизимига жуда катта ҳажмдаги инвестициялар киритилаётгани. Яқинда Ўзбекистонда атом саноатини ривожлантириш бошлади, Лавров Ўзбекистонда АЭС қуриш учун жой ажратилганини маълум қилди, атом саноатини рус тилисиз қандай тасаввур қилиш мумкин? Бу соҳадаги мутахассисларни ўзбек тилида тайёрлашнинг имкони йўқ. Миллионлаб одамларнинг ҳаёт-мамоти, хавфсизлиги билан боғлиқ соҳага рус тилини билмайдиган, яъни шу соҳанинг ҳақиқий билимдони бўлмаган одамларни ишга қўйиб бўлмайди.

Аммо рус тилини ўрганишга бўлган қизиқишни ошириш, унинг кундалик ҳаётдаги ролини тўғри баҳолашга йўналтирилган айрим фикрларини маъқулланган ҳолда уларнинг айрим фикрларига нисбатан қарши фикрларни ҳам билдирмоқчимиз.

Биринчидан, мурожаат муаллифларининг фикрича, «рус тилига расмий тил мақомини бериш ва буни қонунчиликда мустаҳкамлаш вақти етган». Бу – нотўғри фикр. Биз шу кунгача бунинг аксини қилишга уриниб ётибмиз, ахир!?

Давлатнинг қонунчилик ва расмий иш юритишида, суд жараёнида, таълимда ўзбек тилининг мавқейи ва нуфузини оширишга интилиб, охирги 30 йил давомида турли соҳаларнинг терминологик луғатларини яратишга ҳаракат қиляпмиз-ку!? Интернетда ўзбек тилининг қўлланиш доирасини кенгайтириш, унинг дунё глобал тармоғида муносиб ўрин эгаллаши учун тинмай меҳнат қилаётган пайтимизда бундай таклиф - абсурддан ўзга нарса эмас! Барака топгурлар, ахир бунинг тескариси учун курашишимиз, яъни ўзбек тили Давлат тили сифатида БАРЧА СОҲАЛАРДА қўлланишига эришиш, том маънодаги ўзбек тилида иш юритиш тизимини яратиш устида туну-кун тинмай изланишимиз шарт ва зарур эмасми? Ахир бунга давлат миқёсида аҳамият бериляпти-ку, бу борада махсус «Йўл харитаси» қабул қилинганини улар билмас эканми? Ахир «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилишини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Кенгашининг «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Тошкент шаҳрида ижро этилишини ўрганиш натижалари тўғрисида» 2018 йил 15 ноябрдаги КҚ-456-III сон қарори асосида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Абдулла Арипов томонидан 2018 йил 24 декабрда тасдиқланган «Йўл харитаси» мавжуд. Унда белгиланган чора-тадбирлардан ҳаммани хабардор қилиш, уларнинг ижроси учун фақат тор доирадаги мутахассислар эмас, балки бутун ўзбекистонликлар масъул эканликларини англатиб қўйиш зарур! Балки шунда юқоридагидек абсурд таклифлар билдирилмас эдими?

Иккинчидан, муаллифлар кирилл ёзувининг кенг имкониятлари ҳақида гапириб, лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосига ўтиш хато бўлгани ва бунинг оқибатида кўпчилик саводсиз бўлиб қолганини таъкидлайди. Бу фикрга асло ҳам қўшилиб бўлмайди, зеро бугунги ҳаётнинг шиддати ва замон талаби бунинг аксини исботлаб турибди. Давлат ва ҳукумат миқёсида бу борада ҳам муҳим ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан, Бош вазир ва давлат маслаҳатчиси томонидан 2018 йил 15 майда «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш бўйича Ҳаракатлар режаси» тасдиқланган. Ишонч билан айтиш мумкинки, кирилл ёзуви асосидаги ўзбек тили алифбоси - ўтмиш. Келажагимиз фақат лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси билан боғлиқ.

Учинчидан, муаллифлар билдирган фикр ва таклифлар ҳар бир оилага, ҳар бир шахсга индивидуал тарзда тааллуқли бўлиб, юқорида таъкидлаганимиздек, рус тилини ўрганиш фойдали ва зарур, аммо унга республика миқёсида расмий тил мақомини бериб, бу ҳақда тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш – йўл қўйиб бўлмайдиган хатодир. Бу ҳолат ўзбек тилининг ривожига салбий таъсир кўрсатади, унинг нуфузига путур етказиб, тил тараққиёти яна бир неча йил ортга суриб юборилишига сабаб бўлади.

Тўртинчидан, 2019 йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 7 боб, 29 моддадан иборат «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, у мутахассисларнинг муҳокамасига тақдим этилган эди. Хусусан, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Бош вазир томонидан тасдиқланган «Йўл харитаси»нинг 1-банди, яъни «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги лойиҳасини тайёрлаш юзасидан махсус ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ ўз фаолияти давомида соҳа мутахассислари, жамият аъзолари томонидан билдирилган мулоҳазалар тўла ўрганиб чиқилди ва уларни инобатга олган ҳолда «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этди. Жумладан, ушбу лойиҳада 1995 йилда янги таҳрирда қабул қилинган «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-, 7-, 8-, 10-, 13-, 16-, 18-, 19-, 20-, 21-, 22-, 24- моддаларига ўзгартириш зарурлиги далилланган. Таъкидлаш зарурки, университет томонидан ишлаб чиқилган Қонуннинг янги таҳрири ҳуқуқий соҳада ва миллий қонунчиликда амалга оширилаётган ислоҳотларни ўзида тўлиқ акс эттириш ҳамда «Давлат тили ҳақида»ги Қонунга тўғридан-тўғри амал қилиш, унинг ижросини сўзсиз таъминлаш, шу кунгача давлат ва жамиятда кўзга ташланган кўплаб муаммоларга ечим топишга йўналтирилгани билан ажралиб туради.

Мурожаат муаллифлари ичида юристлар бор, улар бу ҳақда билатуриб таклифлар билдирган бўлиши мумкин. Худо кўрсатмасин, бу янги таҳрирдаги Қонунга рус тилига расмий тил мақоми берилиши ҳақидаги модда киритилса борми, ўзбек тилининг шундоқ ҳам ўта нозик мавқейи бутунлай йўқ бўлади. Бу хатони келажак авлод сира кечирмайди! Шунинг учун жамоатчилик бирлашган ҳолда «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги лойиҳасига бу модда киритилишига йўл қўймаслигимиз шарт ва зарур.

Муаллифлар:

Иномжон Азимов - Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўқув ишлари бўйича проректори, филология фанлари номзоди;
Лайло Раупова - Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўзбек тили ва адабиёти факультети декани, филология фанлари доктори;
Саодат Муҳамедова - Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети «Ахборот ва замонавий педагогик технологиялар» кафедраси мудири, филология фанлари доктори.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » «Бу абсурд таклиф!». Университет олимларининг рус тилига расмий тил мақомини бериш ташаббусига муносабати