19:30 / 18.01.2020
4 419

Эрон – АҚШ низоси Ўзбекистон учун қандай салбий оқибатлар яратади?

Эрон – АҚШ низоси Ўзбекистон учун қандай салбий оқибатлар яратади?
Фото: Google Photos
Расмий Тошкент денгизга чиқиш имкониятини қўлга киритиш мақсадида Марказий Осиё минтақасидаги қўшни мамлакатлар, хусусан, Эрон билан муносабатларини яхшилаш ҳақида бош қотирар экан, Эрондаги вазият бунга тўсқинлик қилмоқда, деб ёзади Дарё нашри.

Эрон генерали Қосим Сулаймоний ўлдирилиши ортидан Эрон – АҚШ муносабатларидаги зиддиятлар Яқин Шарқ минтақасида йирик ҳарбий қарама-қаршилик юзага келишига сабаб бўлиб турибди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги воқеалар ривожидан ташвиш билдириб низолашаётган икки тарафга ҳарбий тўқнашувга йўл қўймаслик ва дипломатик воситалар ёрдамида муаммоларни ҳал қилишга чақирди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг расмий баёноти замирида узоқни кўзловчи мақсадлар борлигини уқса бўлади. Эрон ва АҚШ ўртасида ҳарбий тўқнашув келиб чиқадиган бўлса, расмий Тошкент бир неча ўн йиллардан буён Эрон ҳукумати билан олиб бораётган музокаралари Ўзбекистоннинг Эрон орқали денгизга чиқиш умидларини чиппакка чиқариши турган гап.

Эрон портлари Ўзбекистон маҳсулотларини денгизга олиб чиқишда энг арзон ва қисқа йўлдир. Сўнгги икки йил мобайнида Ўзбекистон ҳукумати Эрон ҳукумати билан барқарор транспорт коридори яратишга кўп вақт ва маблағ сарфламоқда. 2017 йил декабрида Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг транспорт тизимини ривожлантириш борасида қарор қабул қилди. Қарорда Ўзбекистон юкларини дунё бозорига олиб чиқишда Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Уммон, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон ва Термиздан бошланиб, Афғонистонинг Мозори Шарифидан ўтадиган транспорт йўлакларини яратиш алоҳида таъкидланади. Бу эса Ўзбекистонга Эроннинг Бандар Аббос, Чобаҳор ва Бажаган портлари орқали денгизга чиқиш имкониятини беради. Ўзбекистон учун, ўз навбатида, Эрондаги барқарор вазият ўта муҳим.

Ўзбекистоннинг импорт ва экспорт маҳсулотлари айни пайтда Туркманистон орқали Бандар Аббос, Тошкент – Олмаота ва Тошкент – Москва савдо йўлаклари орқали ташилмоқда. Осиё тараққиёт банки ҳисоботига кўра, Бандар Аббос ўзбек пахтаси экспорти учун муҳим савдо йўлагидир. Ҳар йили 40 мингга яқин юк ортилган транспорт воситаси Бандар Аббос портига Туркманистон орқали ўтмоқда.

Расмий Тошкент ҳозирда Осиё тараққиёт банки ёрдамида Ўзбекистонни Мозори Шариф билан боғлайдиган темир йўл қурилиши учун молиявий ва сиёсий саъй-ҳаракатида. Эрондаги тинчлик бузиладиган бўлса, бу Ўзбекистон ҳукуматининг режаларини бузиб юборади, Теҳрон ёрдамида афғон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати билан олиб борилаётган музокараларни таҳдид остида қолдиради.

Шундай экан, Эрондаги мушкул вазият тинч йўл билан ҳал этилсагина Ўзбекистон учун келажакда муҳим иқтисодий аҳамиятга эга вазифаларни амалга ошириш мумкин бўлади.

Жаҳонгир Эргашев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Эрон – АҚШ низоси Ўзбекистон учун қандай салбий оқибатлар яратади?