18:37 / 28.05.2020
1 794

Банклар асосий функциясини бажаришига нима тўсиқ бўлмоқда? Юлий Юсупов ислоҳот зарурати ҳақида

Банклар асосий функциясини бажаришига нима тўсиқ бўлмоқда? Юлий Юсупов ислоҳот зарурати ҳақида
Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов Ground Zero томонидан ташкил қилинган вебинар доирасида «Банк ислоҳоти нима учун зарур?» мавзусида ўз фикрлари билан ўртоқлашди ҳамда саволларга жавоб берди.
Вебинарни кузатган Kun.uz мухбири таниқли иқтисодчининг фикрларини ўзбек тилида келтириб ўтади.

– Мен иқтисодиётни формула ёрдамида тасвирлаш мумкин бўлган физикага эмас, биологияга яқин деб ҳисоблайдиган иқтисодчилар категориясига кираман. Бу кўпроқ мураккаб алоқаларга эга тирик экотизимга ўхшайди.

Келинг, банк тизимини ўзига хос тирик организм сифатида кўздан кечирамиз. Тирик организм учун хос бўлган хусусият ундаги касалликлар. Одатда тирик организмларда қандайдир муаммолар бўлади. Масалан, инсонни олайлик. У ҳам тирик организм, бирор касаллик билан оғриши мумкин. Ёки соғлом бўлиши мумкин. Агар тиббиёт ходимлари нуқтайи назаридан қарайдиган бўлсак, қандай касаллик билан ва нима учун оғриётганини билиш учун энг аввало ташхис ўтказиш керак.

Банк соҳасида 3та муаммо кўзга ташланади:

1.Банкларда бюрократиянинг юқори даражадалиги (кредит олиш, ҳисоботлар топшириш билан боғлиқ);

2. Хизмат сифатининг пастлиги (кичик бизнес учун таклифлар йўқлиги, совет давридаги сотувчилар каби ишлашлари, уларнинг ёнига келганингизда сизга худди ҳиммат кўрсатишаётгандек);

3. Фоиз ставкаларининг юқорилиги.

Уч йил аввал эса банк соҳасида қуйидаги муаммолар мавжуд эди:

Биринчи муаммо – конвертация, иккинчи муаммо – нақд пул, учинчи муаммо – операциялар учун коммисион тўловларнинг юқорилиги, яъни 3-4 йил муқаддам ҳар қандай операция учун даҳшатли миқдордаги пул тўлардик. Хорижликлар банкдан шахсий дивидендларимни олиш учун банкка 10-15 фоиз тўлашимни эшитишганида бунга ишонишмасди. Коррупциянинг юқори даражаси ҳам шундан келиб чиққан. Банк тизими жуда кучли коррупциялашган эди. Уч йил аввал бўлган муаммолар ва ҳозирги муаммолар рўйхатига қаранг.

Ҳозирги муаммоларни кичик муаммолар деб бўлмайди. Улар катта муаммолар. Уч йил олдинги муаммолар билан таққослаганда уларнинг орасида ер билан осмончалик фарқ бор. Эндиликда банклар билан ишлаш мумкин. Уч йил ичида банк соҳасида кўп ислоҳотларни амалга оширдик. Мен буни банк соҳасидаги «кўринмас инқилоб» деб атайман. Нималар содир бўлди?

Валюта бозори либераллаштирилди, нақд пул муаммоси ҳал этилди, банклар қуйидан юқоригача боғланган миллионлаб йўриқномалар бекор қилинди. Банкларнинг фаолияти анча тижоратлаштирилди, мижозларга йўналтирилди, бунга қадар улар ҳақиқатан ҳам давлатга тегишли қандайдир катта банкнинг филиаллари эди. Кредит олиш енгиллашди.

Бу – биз уч йил ичида амалга оширган ишлар. Бунда Марказий банкнинг хизматлари катта.

Бироқ биз юқорида белгилаб олган 3та катта муаммо – касаллик белгиларига қайтамиз. Келинг, бу муаммоларнинг сабаблари нимадан иборатлигини тушунишга ҳаракат қиламиз. Айнан шу позициялар бўйича бошқа мамлакатлардаги банкларнинг фаолияти билан таққослаб, биздаги банклар ёмонроқ ишлаётганини кўришимиз мумкин. Аммо муаммо сабаблари, касаллик моҳиятини яхшироқ англаш учун соғлом организм қандай ишлашини тушуниш керак.

Келинг ўйлаб кўрайлик, умуман олганда, банк тизими нима билан шуғулланиши керак?

Соғлом, нормал банк тизимининг 2та асосий функцияси мавжуд:

Биринчи функция бу – келишувларни таъминлаш. Бу пул айланиш тизими. Банклар орқали келишувлар амалга оширилади. Қурилмани импорт қилмоқчи бўлсак, банкка валюта харид қилиш, кейин бу валютани бошқа ҳисоб рақамига кўчириш бўйича кўрсатма берамиз. Банк ана шу фунцияларни амалга оширади. Ходимларга ойлик маош тўламоқчи бўлсак, банкка бориб, нақд пул оламиз ёки пулни картага ўтказамиз. Бирор товарни харид қилиш ёки сотишни истасак, ҳисоб рақамимизга пул ўтказилади. Буларнинг бари банк тизими орқали амалга оширилади.

Иккинчи функция бу – воситачилик. Банклар жуда муҳим иқтисодий механизмда жуда муҳим воситачилик функциясини бажаради. Механизм инвестициялаш деб аталади. Иқтисодиёт, корхона, оила иқтисодий жиҳатдан ривожлана олиши учун инвестиция киритиш зарур. Қурилмалар, кўчмас мулк харид қилиш, таълим, тиббиёт, илм-фанга доимий равишда инвестиция киритиш лозим. Бунинг учун пул керак. Буларнинг барини харид қилганимизда инвестицияларни амалга оширамиз.

Жамғармалар – инвестиция манбайи ҳисобланади. Қурилма, таълимга пул сарфлаш учун дастлаб бу пулларни «еб юбормаслик» керак. Кўпинча сарфлайдиган ва «еб юбормайдиган»лар – бир-биридан фарқ қилувчи, турли категориядаги одамлар.

«Еб юборилмаган» пуллар бу – жамғарма. Масалан, 3 миллион сўм миқдоридаги тушумга эга бўлдик. Бундан 2 миллион сўм озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш, коммунал тўловларни тўлаш, 500 минг сўм солиқларга кетди, 500 минг сўм қолди. Қолган 500 минг сўм бу – жамғарма.

Жамғармаларни турли кўринишларда сақлаш мумкин. Мисол учун, у ёстиқ остида сўм ёки долларда сақланиши мумкин. Жамғармаларни сақлашнинг бошқа усули – иқтисодиётга киритиш. Масалан, банк ҳисоб рақамига. Ёки қимматли қоғозлар сотиб олиш, пенсия жамғармасига пул қўйиш, қандайдир суғурта дастурида иштирок этиш.

Булар – ишлаётган пуллар. Булар ҳам жамғарма. Мазкур жамғармалар банк соҳаси туфайли инвестицияга айланади. Банкларнинг муҳимлиги бўйича иккинчи функцияси – ана шу жамғармаларни аккумуляция қилиш.

Механизм бир текис ишлайдиган ҳолда йўлга қўйилиши, унинг ишида ҳеч қандай тўхтаб қолишлар бўлмаслиги жуда муҳим. Бу банкларнинг вазифаси.

Банкларимизга мана шу 2та фунцияни бажаришга нима халақит қиляпти?

Биринчи муаммо – инфляция. Инфляция пул айланиш тизимини ишдан чиқаради. У жамғариш, инвестиция киритишга бўлган иштиёқни камайтиради, келишувларни амалга оширишга халақит қилади.

Бизда инфляция даражаси анчагина баланд, у икки хонали сон билан ифодаланади. Одатда инфляция йилига 5-6 фоиз ёки хорижда ҳатто 3-4 фоиз бўлса ҳам, номақбул инфляция саналади. Бизда гиперинфляция эмас, бироқ у иқтисодиёт учун зарарли.

Иккинчи муаммо – пул бозорининг маъмурий бошқарилиши. Бунда давлат махсус усуллар билан эмас, маъмурий жиҳатдан аралашади. Масалан, бизда узоқ вақт мобайнида Марказий банк фоиз ставкаларини тартибга солиб келган. Қандайдир юқори кўрсаткичдан ошириб юбориш мумкин эмас бўлган. Бу эса 3-4 йил муқаддам мавжуд бўлган муаммоларга олиб келган.

Тасаввур қилинг, гўшт нархини сунъий равишда 20 минг сўмгача туширамиз. Классик дефицит вазияти юзага келади. Чунки бу нархда гўштга талаб юқори, таклиф эса кам бўлади. Бу нархда ҳеч ким гўшт етиштиришни истамайди. Дефицит, навбат, «шапка», қора бозор ва ҳоказолар юзага келади.

Молия бозорида ҳам худди шундай ҳолат содир бўлади. Агар фоиз ставкалари сунъий равишда пасайтирилса, (ставкалар реал инфляция даражасидан ҳам паст эди), ўз-ўзидан бундай кредитларга талаб юқори бўлади, таклиф эса паст. Марказий банк, тижорат банклари томонидан йўлга қўйилган талай бюрократиялар мана шу ердан келиб чиққан. Чунки кредит олиш учун келганингизда улар сизга расмий жиҳатдан рад жавобини бера олмайди, пул йўқ деёлмайди. Улар бунинг учун қандайдир сабаб ўйлаб топишлари керак бўлади.

Банкларга ўз функцияни бажаришга тўсқинлик қилувчи учинчи сабаб – кучсиз рақобат. Рақобат бўлмаса ёки у кучсиз бўлса, мижозлар учун бош қотириб ўтиришнинг ҳожати йўқ.

Тўртинчи сабаб – банкларга бўлган ишончнинг пастлиги, ташқи қарзлар ҳақида гапирганимизда мамлакатга бўлган ишончнинг пастлиги. Агар қандайдир сабаблар туфайли одамлар банкларга ишонмаса, жамғармаларини ҳам банкларга олиб келмайди. Агар мамлакатимизга ишонишмаса ёки буни жуда катта таваккалчилик деб ҳисоблашса, ўз-ўзидан ташқаридан қарз, кредит, қандайдир портфель инвестицияларни олишни истасак, инвестор ёки бизга кредит бераётган томон ким билан иш олиб бораётганини жуда яхши тушунади ва бунда етарли даражада таваккалчилик мавжудлигини англайди: уни алдашлари, қонунлар панд бериши мумкинлиги, у ўз пулларини ололмаслиги эҳтимол. Шунинг учун қандайдир стандарт фоизга таваккалчилик учун тўловни ҳам қўшади.

Шу сабабли четдан маблағ жалб қилганимизда оддий бозорда пулни катта фоиз эвазига оламиз, – дейди Юлий Юсупов.

Тўлиқ суҳбатни Ground Zero`нинг Youtube`даги саҳифаси орқали томоша қилиш мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Банклар асосий функциясини бажаришига нима тўсиқ бўлмоқда? Юлий Юсупов ислоҳот зарурати ҳақида