Volkswagen заводлари ёпиладими? Минглаб ходимлар тақдири ҳал бўлмоқда

Германиянинг машҳур автомобил ишлаб чиқарувчиси Volkswagen мамлакатдаги тўртта заводини ёпиш ва ходимлар сонини 100 минг нафаргача қисқартириш эҳтимолини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги компаниядаги манбаларига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур режа компаниянинг кузатув кенгаши аъзоларига тақдим этилган бўлиб, у 9 июль куни бўлиб ўтадиган йиғилишда муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Хабарларга кўра, Hannover, Zwickau, Emden шаҳарларидаги заводлар ҳамда Audi компаниясининг Неккарзулм шаҳрида жойлашган корхонаси ёпилиши мумкин. Бу эса 45 мингдан ортиқ иш ўрнининг қисқаришига сабаб бўлади. Мазкур кўрсаткич Volkswagen аввалроқ эълон қилган 50 минг нафар ходимни қисқартириш режасига қўшимча бўлади.
Агар ушбу режа амалга оширилса, 100 минг нафаргача ходимнинг ишдан бўшатилиши ва тўртта йиғув заводининг ёпилиши жаҳон автомобил саноати тарихидаги энг йирик реструктуризациялардан бири сифатида қайд этилиши мумкин.
Reuters манбаларига кўра, компания бош директори Оливер Блуме ушбу ташаббусни ҳафта бошида юқори лавозимли менежерларга тақдим этган. У кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишни режалаштираётган бўлса-да, мазкур қарор касаба уюшмалари ҳамда компаниянинг иккинчи йирик акциядори саналган Германиянинг Қуйи Саксония ер ҳукумати қаршилигига учраши мумкин.
Шунингдек, Volkswagen кейинги беш йил давомида инвестициялар ҳажмини тахминан 15 фоизга қисқартириш, уни 130 миллиард евродан бироз юқори даражага тушириш режасини ҳам кўриб чиқмоқда. Бундан ташқари, компания ўзининг асосий Volkswagen бренди ва эҳтиёт қисмлар бизнесини алоҳида тузилмаларга ажратиш масаласини ҳам муҳокама қилмоқда.






























Изоҳлар 0
…