Нега автомобил заводларида роботлар инсонларни тўла алмаштира олмайди?

Автомобил ишлаб чиқаришда роботлар мураккаб қисмларни йиғиш, сканерлаш ва ўлчаш каби такрорий вазифаларни бажарса-да, инсон меҳнатини тўлиқ алмаштира олмайди. Германиянинг Porsche компанияси Лейпцигдаги заводида Панамера ва Macan моделларини ишлаб чиқаришда автоматлаштирилган тизимларни тажрибали техниклар назорати билан уйғунлаштиради.
Автосалонлардаги янги машинани томоша қилаётганда, унинг қандай йиғилгани аксарият харидорларнинг хаёлига ҳам келмайди. Бироқ кейинчалик юзага келиши мумкин бўлган носозликлар бу жараённинг нақадар муҳимлигини эслатиб қўяди. ixbt.com маълумотига кўра, саноат роботлари автомобил ишлаб чиқариш жараёнида ўтган асрнинг 70-йилларидаёқ ўз ўрнини эгаллаган эди. Ҳозирги кунда ҳам замонавий технологиялар автомобилсозлик саноатини тубдан ўзгартирган бўлса-да, баъзи мураккаб жараёнларда инсон иштироки ҳамон ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Бу ҳақда Autocar.co.uk хабар беради.
Германиянинг машҳур Porsche компанияси ўзининг Лейпцигдаги заводида Панамера ва Macan моделларини ишлаб чиқаришда илғор технологиялар ҳамда инсон меҳнатини ўзаро уйғунлаштириб келмоқда. Бу ерда автомобилнинг орқа ўқ қисмини йиғиш ва текшириш жараёни ўта масъулиятли босқич ҳисобланади. Орқа ўқлар ҳайдаш динамикасига, автомобилнинг қулайлиги ва хавфсизлигига бевосита таъсир кўрсатадиган энг мураккаб механик қисмлардан биридир.
Мураккаблик ва сифат назорати
Орқа ўқлар автомобилнинг привод турига қараб турлича мураккабликка эга бўлади. Хусусан, олди приводли моделларда пассив ўқлар ишлатилса, тўла ёки орқа приводли автомобилларда тизим анча мураккаблашади. Электромобилларнинг кириб келиши эса бу жараёнга яна бир қатлам — орқа ўққа ўрнатилган тортиш двигателлари ва тегишли электроника тизимларини қўшди. Натижада сифат назорати ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ вазифага айланди.Porsche мутахассислари ушбу мураккабликни ҳисобга олиб, автоматлаштирилган якуний назорат тизимини ишлаб чиқдилар. Роботлар такрорланувчи ва зерикарли вазифаларни бажаришда, жумладан, бутун ўқ йиғмасини сканерлашда, улагичларни аниқлашда ва масофаларни ўлчашда муҳим рол ўйнайди. Барча компонентлар дастурда сақланган маълумотларга қадар текшириб чиқилади.
Инсон омилининг ўзгармас ўрни
Назорат жараёнида ҳар бир текширув нуқтаси суратга олинади ва таҳлил қилинади. Олинган тасвир маълумотлари уч йил давомида базада сақланади. Агар келгусида бирон бир носозлик юзага келса, маҳсулот ишлаб чиқарилган пайтдаги ҳолатини осонгина текшириб кўриш мумкин. Бу эса харидорлар кўзи билан кўра олмайдиган, аммо автомобилнинг ишончлилигини таъминлайдиган яширин ва жуда муҳим қадамдир.Шунга қарамай, сунъий интеллект ва робототехника қанчалик тез ривожланмасин, Porsche мутахассислари инсон меҳнати ҳамон ажралмас қисм эканини таъкидлайдилар. Тажрибали техниклар роботлар билан синхрон тарзда ишлайди ва фақат инсон сезгирлиги ҳамда тажрибасигагина таянадиган вазифаларни бажаради. Масалан, тормоз дискидан чиқадиган энгил ғичирлаш овозини роботлар аниқлай олмайди.
Шу тариқа, замонавий автомобилсозлик саноати максимал даражада автоматлаштирилган бўлса-да, ҳар бир янги машина мукаммалликка эришиши учун ҳалигача анъанавий инсон назорати, яни малакали мутахассиснинг ўткир кўзи ва сезги органлари зарур бўлиб қолмоқда.































Изоҳлар 0
…