08:00 / 16.12.2020
1 589

Британияда 100 йиллик ноёб Bentley кабриолети 285 минг фунтга сотилмоқда (фото)

Британияда 100 йиллик ноёб Bentley кабриолети 285 минг фунтга сотилмоқда (фото)
Фото: DM Historics
Британиядаги классик автомобиллар дилери DM Historics 1924 йилда яратилган ноёб Bentley 3-Litre’ни сотувга қўйди. Идеал ҳолатда сақланган спорткар ҳозирга қадар 20 минг километр йўл босган бўлиб, уни 285 минг фунт стерлингга харид қилиш мумкин, деб хабар беради Motor.

Bentley 3-Litre 1921 йилдан 1929 йилга қадар ишлаб чиқарилган. Автомобиль капоти остидан 70 от кучига эга уч литрли бензин двигатель ўрин олган. Машинанинг максимал тезлиги соатига 136 километрни ташкил этади.

Сотувга қўйилган нусха 1924 йилда конвейрдан чиққан. Орадан 38 йил ўтгач, Роберт Уорд исмли фуқаро спорткарни гаражларнинг биридан ачинарли аҳволда топган. Кейинги икки йил давомида эркак автомобилни қайта тиклаш билан шуғулланган. Реставрация ишлари якунлангач, британиялик кабриолетдан фақат дам олиш кунлари фойдаланган, шунингдек, тематик автопойгаларда ҳам иштирок этган.

Фото: DM Historics
2000 йилда Роберт Bentley’ни Британия маркасининг ишқибозига сотиб юборган бўлиб, автомобиль зудлик билан модернизация қилинган. Модернизация вақтида спорткарга замонавий электр қурилмалари, ёруғлик диодлар ўрнатилган, шунингдек, кабриолет кузови қора-оқ ранглар гаммасига бўялган.

Bentley 3-Litre сўнгги бор 2018 йилда реставрацияга учраган. Бу сафар спорткар тўлиқ қора рангга бўялган, бундан ташқари, салони қора чарм билан қопланган. Автомобилнинг двигатели ва ёқилғи тизими таъмирланган. Сўнгги киритилган ўзгартиришлар 73 минг фунтга тушган.

Автомобилнинг ҳозирги эгаси уни 285 минг фунтга сотишга тайёр. Унинг сўзларига кўра, ноёб Bentley 3-Litre идеал ҳолатда бўлиб, тўлиқ ҳаракатлана олади.











Bentley кабриолет

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Авто » Британияда 100 йиллик ноёб Bentley кабриолети 285 минг фунтга сотилмоқда (фото)