19:43 / 04.01.2021
9 333

Самарқанд вилоятига тегишли авторақам онлайн аукционда қарийб 600 миллион сўмга сотилди

Самарқанд вилоятига тегишли авторақам онлайн аукционда қарийб 600 миллион сўмга сотилди
Самарқанд вилоятига тегишли бўлган 30 Z 777 ZZ авторақами бугун ўтказилган онлайн савдоларда 596.525.000 сўмга сотилди. Бу авторақамлар савдога чиқарила бошлагандан бери янги рекорд нарх ҳисобланади.

Чиройли авторақамларнинг онлайн-аукциони ўтказиладиган avtoraqam.uzex.uz сайтида бугун ўтказилган савдолардан бирида Самарқанд вилоятига тегишли бўлган 30 Z 777 ZZ авторақами рекорд нархда сотилди. Харидорлардан бири мазкур авторақамни 596.525.000 сўмга сотиб олди. Қайд этилишича, мазкур авторақамнинг бошланғич нархи 111 миллион 500 минг сўм бўлган. Савдо жараёнида харидорлар томонидан унинг нархи 100 мартадан ошиқроқ кўтарилган.Харидор авторақам нархига қўшимча 25 миллион сўм воситачилик йиғими ҳам тўлайди.

Мазкур авторақам савдоси давом этаётган паллада ижтимоий тармоқларда 30 Z 777 ZZ авторақамини тақиб юрган автомашиналарнинг фото ва видеолавҳаси тарқалди. Шундан сўнг Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси тарқалган фото ва видеолавҳага муносабат билдирди. Унда 30 Z 777 ZZ давлат рақам белгиси вилоят ИИБ ЙҲХБ ихтиёрида сақланаётгани, ижтимоий тармоқларда тарқалган фото ва видеотасвирдаги автомашиналар тақиб турган рақам фотошоп дастури орқали қўйилгани маълум қилинди.

Маълумот ўрнида, чиройли авторақамларнинг онлайн-аукциони Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси кўмагида avtoraqam.uzex.uz сайтида ўтказилади.

Илк савдо 2017 йил 14 сентябр куни ўтказилган ва ўшанда соат 15:24 да Жиззах вилоятида яшовчи шахс 7.563.637,5 сўм (ўша пайтдаги курсда 934 доллар бўлган) га 25 E 070 EA рақамини харид қилади.

Кейинчалик харидорлар авторақамларни анча баланд нархларда сотиб ола бошлашди. Бугунги савдогача аукционда сотилган энг қиммат рақам — 30 777 ААА ҳисобланар эди. Уни 2017 йилнинг 1 ноябр куни Самарқандда истиқомат қилувчи ишбилармон 287 миллион сўм (ўша пайтдаги курс бўйича 35.500 доллар бўлган) га сотиб олган. Ўшанда мазкур авторақамнинг бошланғич баҳоси 14.977.500 сўм (ўша пайтдаги курс бўйича1873 доллар бўлган) эди ва аукцион савдо жараёнларида нарх 20 баробарга ўсган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Самарқанд вилоятига тегишли авторақам онлайн аукционда қарийб 600 миллион сўмга сотилди