15:11 / 23.11.2021
3 683

Хоразмда 90 О 900 ОА авторақами учун онлайн аукционда кураш тонггача давом этди

Хоразмда 90 О 900 ОА авторақами учун онлайн аукционда кураш тонггача давом этди
Авторақамлар онлайн аукционида 15—21 ноябрь оралиғида 2846 та авторақам сотилди. Ўзбекистон товар хом ашё биржасининг маълум қилишича, сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 6,2 миллиард сўмни ташкил қилди.

Аукцион савдоларини кузатган «Дарё» мухбирининг маълум қилишича, баъзи авторақамлар учун кураш кескин кечган ва давлат рақамларининг бошланғич нархи 10 баробардан ҳам кўпроқ кўтарилган.

Онлайн аукционда авторақамлар учун душанбадан жумага қадар харидор ўз нархини таклиф этиши мумкин. Нарх таклиф қилишнинг якуний турли рақамлар учун навбати бўйича соат 10:00 дан 17:00 гача этиб белгиланган. Аммо аукцион тугашига 10 дақиқадан кам вақт қолганда янги нарх таклиф этилса, савдолар учун яна 10 дақиқа вақт қўшиб берилади. Янги-янги нархлар таклиф этилиши ортидан савдолар бир неча соатга ҳам чўзилиши мумкин. Шундай ҳолатлардан бири Хоразмда содир бўлди ва қарийб тонггача чиройли рақам учун кураш бўлди.

Рақам учун фақат бир даъвогар бўлса, аукцион якунигача бошланғич нархни 1 фоизга ошириши ғолиблик учун кифоя қилади. Бироқ Хоразмда 10 ноябрь куни 1 350 000 сўм бошланғич нарх билан аукционга қўйилган 90 О 900 ОА автомобиль рақами учун талабгорлар биттадан ортиқ эди.

90 О 900 ОА авторақами 18 ноябрь тонгги соат 04:08 ҳолатига кўра 17,3 миллион сўмдан ошганди.
Скрин: «Дарё»

17 ноябрда тугаши керак бўлган савдолар 18 ноябрь тонггигача давом этди. Рақамнинг нархи 1255 марта кўтарилди. 90 О 900 ОА авторақами бошланғич нархидан 13,5 баробар қимматга — 18 292 500 сўмга сотилди.

Хоразмда бир ҳафта олдин ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилганди. 1 080 000 сўм бошланғич нарх билан савдога қўйилган 90 О 880 ОА автомобиль рақамининг савдолари 10 ноябрда якунланиши керак эди. 1000 дан ортиқ марта унинг нархи кўтарилди ва 11 ноябрь соат 03:52 да аукцион 12 463 200 сўм нарх таклиф этилганидан сўнг тўхтади. Рақамнинг нархи 11,5 баробарга кўтарилди.

90 О 880 ОА авторақами учун савдолар тўхтаган пайтда таклиф этилган энг юқори нарх 12 463 200 сўм бўлди.
Скрин: «Дарё»

Таққослаш учун: Хоразмда 777 сони бор авторақамлар 6 750 000 сўм бошланғич нарх билан аукционга қўйилади. Бу Хоразмдаги энг қиммат рақамлардан биридир.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Хоразмда 90 О 900 ОА авторақами учун онлайн аукционда кураш тонггача давом этди