11:30 / 26.05.2018
10 539

Раъно Ярашева: «Барчангиздан кечирим сўрайман...»

Раъно Ярашева: «Барчангиздан кечирим сўрайман...»
Рамазон – ойларнинг султони, саййиди, энг яхшиси бўлиб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолади. Бу ой инсонлар бир–бирлари ҳақида қайғуриб, меҳр–оқибат кўрсатишади, хато-камчиликлар кечирилади, аразлар унутилади. Яна мўъжизалар ҳам юз беради! Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно ЯРАШЕВА Рамазон ойи билан боғлиқ хотираларини ширин энтикиш билан эслайди. Нега деганда... қолганини суҳбатдошимизнинг ўзидан эшитинг.

— «Рамазон айтиб келдик эшигингизга...»

— Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида дунёга келганман. Икки ёшимда Хадича бувим, Пайшанбақўрғонига олиб кетганларича, саккиз ёшимгача улар билан яшаганман. У тарафларда Рамазон бошқача айтиларди: «Рабибам, ё рабибам ё Рамазон. Рабибам айтиб келдик эшингизга Худойим ўғил берсин бешингизга!» Бувим раҳматли Рамазон айтиб келган болаларни уйга олиб кириб, уларни ифторлик дастурхонидаги ноз-неъматлар билан сийлардилар. Болаларга пул берилмасди ва бу жуда тўғри иш бўлган. Агар боланинг қўлига пул тутқазилса, кейинчалик Рамазон ҳақида нотўғри талқин пайдо бўлиши мумкин. Шу боис катталар бу ҳолатга ниҳоятда диққатли бўлишларини сўрардим.

— Биринчи марта рўза тутганингиз ёдингиздами?

— Бувим диний–дунёвий билимлардан хабардор, тақводор аёл эдилар. Уларга ҳавас қилиб, мактабга чиқмасимдан бурун рўза тута бошлаганман. Бувимнинг қўйнига суқулиб ётишни ёқтирардим-да, эрталаб саҳарликка турганларида уларга эргашиб, оғиз ёпардим. «Хали кичиксан, қийналиб қоласан» десалар дод-вой қилиб бўлса ҳам айтганимни қилардим. Энг қизиғи, эрталаб уйқудан уйғонганимдан сўнг одатдагидек нонушта қилардим, очқасам таомланардим, сув ичардим, бувимнинг кўзи тушиб қолса, «Рўзадор эдинг-ку» дердиларда, шу уввос солиб йиғлардим, асти сўраманг. Бувим эса «Билмасдан еб қўйгансан-да, кечиримли болам, қолганини тутавер» дердилар. Ифторликда ҳам ҳеч нарса бўлмагандек, астойдил ният қилардим катталарга қўшилиб, жажжи қўлларимни дуога очиб, бир нималарни сўрардим. Ажойиб дамлар эди. Болалигимни эслатдингиз-у, юрагим тўлиб кетди (кўзлари ёшланди).

— Бу ойда мўъжизалар рўй беради дейишади?

— Бундан уч йил аввал ўт пуфагимни жарроҳлик амалиёти ёрдамида олиб ташлашди. Унга қадар ҳар Рамазон рўзасини сидқидилдан адо этганим боис жуда қийналдим. Чунки шифокорлар қатъий парҳез буюришганди-да. Мўъжизаларга келсак, бир неча йиллар аввал Рамазон ойи ибодат қилаётиб, жойнамоз устида икки сантиметрча кўтарилгандек бўлганман. Эҳтимол бу менинг хаёлимда рўй бергандир, лекин ҳиссиётлар ҳақиқий эди. Биласизми, улуғ ой олдидан мени таниган – билган барча-барчадан кечирим сўрайман. Билиб–билмай кимнингдир ранжитиб қўйгандирман, ноўрин сўзлагандирман ёхуд бирор илтимоси ерда қолгандир, мендан ўтган бўлса маъзур тутингиз. Йўл–йўлакай қоқилиб кетдингизми, билингки бу кимнидир хафа қилганингиз жазоси. ҳаётингизда бирор нохушликка дучор бўлдингизми, ортингизга қаранг, ҳеч кимга дилозорлик қилмаганмисиз?.. Рамазон ойи истиғфор қилинг, астойдил сўранг, гуноҳларингиз кечирилгай.

— Муборак ойда хафалашганларни яраштирган пайтларингиз бўлганми?

— Бу каби воқеаларни эслолмадим, аммо Рамазон баҳонасида хафалашган инсонларим билан ярашган пайтларим кўп. Феълим салгина оғирроқ бўлиши мумкин-да баъзан. Аммо нима бўлишидан қатъий назар Моҳи Рамазон ойида ҳеч ким бир-бири билан хафалашмасин.
Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Раъно Ярашева: «Барчангиздан кечирим сўрайман...»