Матёқуб Матчонов ва Раъно Ярашева – Ўзбекистон Республикаси халқ артисти унвонига сазовор бўлди

Ўзбекистон кино ва театр санъатининг таниқли ва севимли вакиллари — киноактёр Матёқуб Матчонов ҳамда Ўзбек Миллий академик драма театри актрисаси Раъно Ярашева “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони билан тақдирланди. Бу ҳақда 28 май куни Президентнинг “Маданият, санъат ва адабиёт соҳаси вакилларини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонида маълум қилинди.
Шунингдек, актёр Учқун Тиллаев ва “Мақом” ансамбли артист-созандаси Абдураҳмон Холтожиев ҳам ушбу юксак унвонга сазовор бўлди.
Матёқуб Матчонов 1956 йилда Тошкентда туғилган бўлиб, 1980 йилда “Даҳонинг ёшлиги” фильми орқали экранга кириб келган. У “Бозор кўрмаган йигит”, “Тилим қурсин”, “Менинг акам бўйдоқ”, “Сотқин” каби фильмлардаги роллари билан мухлислар меҳрини қозонган. Актёр аввал “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони ва Дўстлик ордени билан ҳам тақдирланган.
Раъно Ярашева эса 1961 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. У ижодий фаолиятини театрда пардозчи сифатида бошлаб, кейинчалик актриса сифатида танилган. “Меҳробдан чаён”, “Соҳибқирон” ва “Увайсий” фильмларидаги роллари орқали томошабинларга яхши таниш. Актриса бугунгача 20 дан ортиқ фильм ва спектаклларда иштирок этган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!