Матёқуб Матчонов ва Раъно Ярашева “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони билан тақдирланди

Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси раиси, таниқли киноактёр Матёқуб Матчонов ҳамда Ўзбек Миллий академик драма театри актрисаси Раъно Ярашева “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони билан тақдирланди. Бу ҳақда Президентнинг “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонида маълум қилинди.
Шунингдек, ушбу фармон билан Ички ишлар вазирлиги Маданият саройи бадиий раҳбари, актёр Учқун Тиллаев ҳамда Ўзбек миллий мақом санъати марказининг Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли артист-созандаси Абдураҳмон Холтожиев ҳам “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони билан мукофотланди.
Матёқуб Матчонов ўзбек кино ва театр санъатида ўзига хос ижро услуби, самимий образлари ва халқона роллари билан томошабинлар меҳрини қозонган санъаткорлардан бири ҳисобланади. У “Бозор кўрмаган йигит”, “Шабнам”, “Тилим қурсин”, “Менинг акам бўйдоқ”, “Энди дадам бўйдоқ”, “Сотқин” каби кўплаб фильмлардаги роллари орқали кенг оммага танилган.
Актёр аввал “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони ҳамда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган эди. Бу галги “халқ артисти” унвони эса унинг кўп йиллик ижоди, саҳна ва кино санъатига қўшган ҳиссаси муносиб эътироф этилганини кўрсатади. Раъно Ярашева ҳам театр санъатидаги фаолияти орқали томошабинлар ҳурматига сазовор бўлган ижодкорлардан бири сифатида юксак мукофотга лойиқ кўрилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!