Видеодан кадрлар
Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси офицери Тоғли Бадахшон мухтор вилояти (ТБМВ)даги аксилтеррорчилик операцияси чоғида ҳалок бўлди, яна 13 нафар ҳарбий хизматчи оғир жароҳатлар олди, деб ёзади «Gazeta.uz» мамлакат ИИВга таяниб.
Идора маълумотларига кўра, «200 кишидан иборат уюшган жиноий гуруҳлар барча турдаги қуролларни қўллаган ҳолда» Рушон тумани марказида учта нуқтада «Душанбе—Хоруғ» автотрассасини ва чегара комендатурасига олиб борувчи йўлни тўсиб қўйган. Хабарда айтилишича, «жиноий гуруҳлар олдиндан бу ҳаракатларни амалга оширишга тайёрланган ва шу мақсадда чет элдан қурол-яроғ ва ўқ-дориларни келтирган».
«Фуқаролар хавфсизлиги ва жамоатчилик ҳуқуқий тартибини таъминлаш мақсадида мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари аксилтеррорчилик операциясини бошлади. Натижада 8 жангари хавфсизлантирилди (ўлдирилди), 11 киши ярадор қилинди ва террорчилик гуруҳининг 70 дан ортиқ фаол аъзолари қўлга олинди», — дейилади хабарда.
ИИВ қайд этишича, «жиноий гуруҳ Рушон тумани раиси ўринбосари Лайло Чоршанбиевани тўсиб қўйилган йўлдан ўтгани учун дўппослаган ва унга тан жароҳатлари етказган».
Вазирлик таъкидлашича, тинч аҳоли орасида жабрланганлар йўқ, аммо интернетда 11 киши ҳалок бўлгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалди. Ҳозирги вақтда тумандаги вазият барқарор, ижтимоий инфратузилма ва жамоат транспорти ўзининг кундалик фаолиятини бошлади, дейилади баёнотда.
«Уюшган жиноий гуруҳлардан кўп сонли қурол-яроғ ва ўқ-дорилар, ‘Молотов’ коктейли мусодара қилинди», — дейилади хабарда ва гуруҳнинг бошқа аъзолари қуролларини ташлаб, таслим бўлишга чақирилади.
Норозилик намойишлари
Тожикистондаги Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Хоруғ шаҳрида 14 май куни бир неча юзлаб аҳоли норозилик акциясига чиқиб, вилоят раҳбари Алишер Мирзонабот ва Хоруғ мери Ризо Назарзоданинг истеъфосини талаб қилди. Улар, шунингдек, Хоруғдаги барча блокпостлар олиб ташланишини ва Бадахшон аҳолисини таъқиб қилиш тўхтатилишини талаб қилди.
Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги вазият сўнгги кунларда судлар активист Амриддин Аловацҳоевни 18 йил колонияга ва MMA жангчиси Чоршанбе Чоршанбиевни 5,5 йил озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилганидан кейин мураккаблашди.
Ҳукумат истеъфога чиқиш масаласини кўриб чиқишдан бош тортди, шу туфайли 16 май куни маҳаллий ёшлардан иборат катта гуруҳ вилоят маъмурияти томонга қараб йўл олди. Чиноқ қишлоғи яқинида уларни Тожикистон хавфсизлик кучлари идоралари ходимлари қарши олди. Бадахшон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари норозилик намойиши иштирокчиларига қарши резина ўқлар ва кўзни ёшлантирувчи газ қўллади. Бир неча киши жабрлангани айтилди.
17 май куни Тожикистон ИИВ намойишларнинг тахминий ташкилотчиларини эълон қилди, булар Бархоруғ митти тумани «норасмий етакчиси» Мамадбокир Мамадбокиров, қидирувда бўлган мухолифатчи фаол Алим Шерзамонов ва мустақил журналист Улфатхоним Мамадшоева бўлиб чиқди.
ИИВ қайд этишича, Мамадбокировнинг кўрсатмаси билан «етарлича билими йўқ ўспиринлар» гуруҳи Хоруғ фуқароси Замир Назришоев раҳбарлиги остида, вилоят суди биносида ўз хизмат мажбуриятларини бажараётган «ТБМВ бўйича ИИВ бошқармаси ходимларига қуролли ҳужум уюштирган ва қўл гранатасини портлатган».
Оқибатда, идора маълумотларига кўра, уч нафар ИИВ ходимлари яраланган, Назришоевнинг ўзи касалхонада вафот этган.
ТБМВ прокуратураси «воқеа ташкилотчилари»га нисбатан жиноий иш қўзғади. Улфатхоним Мамадшоева «Фарғона» билан суҳбатда айбловни «ғирт бемаънилик» деб атади.
«Агар мен ниманидир ташкиллаштирганимда, ҳаммадан олдинда борган бўлардим. Мен шунақа одамман. Яқинда Помирда бўлгандим, лекин Душанбега келганимга бир ҳафтадан ошди, у ерда нимадир бўлишини тахмин ҳам қилмагандим. Аксинча, у ерга борганимда фуқаролар фаоллиги пасайганини кўргандим. Энди эса бир соат ичида қарабсизки, бош кўтаришган. Ўйлашимча, бу Чоршанбе Чоршанбиевга нисбатан адолатсиз ҳукмдан кейин юз берган», — деди у.
Айни вақтда «Коммерсантъ»га берган интервьюсида Мамадшоева акция ҳақидаги хабарларни тарқатганини тан олди. «Бир ҳафта олдин Хоруғдан Душанбега келгандим, митинг ҳақида билмагандим. Ташкилотчилари кимлигини ҳам билмасдим, — деди у. — Ҳа, менинг сайтимда эълон репост қилинганди, биз ҳамжиҳат халқмиз ва қийин вазиятда доим бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз». Бир ҳафта аввал, Мамадшоеванинг сўзларига кўра, Тоғли Бадахшонда «вазият тинч» бўлган, бироқ «ҳамма Гулбиддин Зиёбеков иши бўйича тергов тугашини кутган».
Интернетда Тожикистон Қуролли кучлари вертолёти ҳалокатга учрагани ҳақида хабар пайдо бўлди. У Афғонистон томонида туриб уриб туширилгани маълум қилинди. Тожикистон Мудофаа вазирлиги бу хабарга раддия берди.
ОАВларга босим ҳақидаги хабарлар
Тоғли Бадахшонда содир бўлаётган воқеалар ҳақида батафсил ва ишончли маълумотни қўлга киритиш имконсиз бўлиб қолмоқда. Хабарларга кўра, ҳудудда интернет ўчириб қўйилган, Тожикистондаги энг йирик мустақил ОАВ, «Азия-Плюс» агентлиги эса ёпилиш хавфи туфайли норозилик намойишларини ёртиишдан бош тортишини маълум қилди.
«Афсуски, ёпилиш хавфи остида биз бу ҳодисаларни тўлиқ ёрита олмаймиз. Аввалроқ ‘Азия-Плюсъга нашримиз ТБМВдаги воқеаларни ‘бир томонлама’ ёритиб, ‘мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштираётгани’ ҳақида Бош прокуратурадан расмий огоҳлантириш ва бошқа давлат тузилмаларидан норасмий огоҳлантириш олган эди», — дейилади таҳририят баёнотида.
«Озоди» радиоси («Озодлик радиоси»нинг Тожикистондаги идораси) ва «Настоешчее время» журналистлари Душанбеда ҳужумга учраган. Уларнинг барча хизмат техникаси, шунингдек, иш ва шахсий мобил телефонлари олиб қўйилган.
«Озоди» маълумотларига кўра, ҳодиса 17 май куни, ОАВ мухбирлари Улфатхоним Мамадшоева билан интервью ўтказганидан кейин юз берган.
«Настояшчее время» мухбири Анушервон Арипов воқеа фаол Улфатхоним Мамадшоева билан интервьюдан кейин содир бўлганини тасдиқлади.
18 май, чоршанба куни «Фергана» Улфатхоним Мамадшоева ва унинг турмуш ўртоғи, асли ТБМВдан бўлган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари генерали Холбаш Холбашев қўлга олинганини маълум қилди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади