18:55 / 26.09.2022
1 479

Ижевскдаги мактабда отишма: қурбонлар сони 10 дан ортиқ (видео)

Ижевскдаги мактабда отишма: қурбонлар сони 10 дан ортиқ (видео)
Фото: Ильяс Бекмансуров / ТАСС
26 сентябр тонгида Ижевскдаги 88-сонли мактабга бостириб кирган номаълум шахс ўт очди. Ҳодиса тафсилотлари ҳозирча маълум эмас: телеграм-каналлар синфхоналарда қамалиб олган ўқувчилар жўнатган фото ва видеоларни тарқатган.

13 киши ҳалок бўлган, шундан 9 нафари мактаб ўқувчилари. Бу ҳақда Удмуртия республикаси раҳбари Александр Бречалов маълум қилди. Дастлабки хабарларда қурбонлар орасида икки қўриқчи ва икки ўқитувчи борлиги айтилганди. Берчаловнинг хабар беришича, 23 киши, жумладан 20 ўқувчи турли даражада тан жароҳатлари олишган. Baza нашри хабарига кўра, айримлар юқори қаватлардан сакраш вақтида жароҳатланган.



Baza мактабдан эвакуация жараёни акс этган видеони ҳам намойиш этди; унда қутқарувчилар ярадор ўқувчиларни олиб чиқаётгани, полициячилар одамларни мактаб атрофидан узоқроқда туришга чорлаётганини кўриш мумкин.

Удмуртия раҳбари Александр Бречалов 29 сентябр кунини республикада мотам куни деб эълон қилди.

ИИВ маълумотига кўра, ҳужум қилган шахс ўз жонига қасд қилган. Baza маълумотига кўра, у нацистча рамзлар акс этган қора кийимда бўлган (бу маълумотни кейинроқ Тергов қўмитасидагилар ҳам тасдиқлади) ва иккита Макаров тўппончаси билан қуролланган (тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бу травматик қурол бўлиши мумкин). Соат 12:20 атрофида Тергов қўмитаси гумонланувчи жонсиз ҳолда ётган видеони намойиш этди, тасвирларда унинг кийимида свастика белгиси борлигини кўриш мумкин.

Соат 13 атрофида Тергов қўмитаси гумонланувчининг шахсини маълум қилди — бу 1988 йилда туғилган, 88-мактабни тамомлаган Артём Казанцев. «Айни вақтда Россия Тергов қўмитаси терговчилари унинг яшаш манзилида текширув ўтказишмоқда, унинг шахси, қарашлари ва атрофидагилар ўрганилмоқда. Унинг неофашистик қарашлар ва нацистик мафкураси тарафдори экани текширилади», — дейилади Тергов қўмитаси баёнотида.

Удмуртия раҳбари Александр Бречалов Артём Казанцев руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда тургани ҳақида хабар берди. «112» телеграм-канали маълумотига кўра, у муқаддам судланмаган ва маъмурий жавобгарликка ҳам тортилмаган.

Baza маълумотига кўра, жиноятчининг тўппончаларида 1999 йилда Амеррикадаги «Колумбайн» мактабида 13 кишини ўлдирган Эрик Ҳаррис ва Дилан Клиболднинг исмлари, шунингдек Columbine ёзуви акс этган брелоклар (занжирли жевакча) бўлган. Қурол магазинига «ненависть» (нафрат) ёзуви туширилган. РФ ҳукумати Россияда «Колумбайн» номи остида «террорчилик ҳаракати» мавжуд деб ҳисоблайди.

Бу бир кун ичида Россияда ўқотар қурол қўлланиши билан боғлиқ иккинчи ҳолат бўлди. Ижевскдаги воқеадан бироз аввалроқ Иркутск областининг Усть-Илимск шаҳрида қуролланган шахс ҳарбий комиссариат биносида шт очиб, ҳарбий комиссарни жароҳатлаганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ижевскдаги мактабда отишма: қурбонлар сони 10 дан ортиқ (видео)