13:53 / 30.09.2022
1 348

Хитой олимлари дунёда биринчи бўлиб Арктика бўрисини клонлаштирди

Хитой олимлари дунёда биринчи бўлиб Арктика бўрисини клонлаштирди
Берлин ҳайвонот боғидаги Арктика бўриси. Архив
Фото: «РИА Новости»

Хитой олимлари дунёда биринчи бўлиб Арктика бўриси (Canis lupus arctos)ни клонлаштирди, деб хабар бермоқда «РИА Новости». Бўри боласининг дунёга келганини SinoGene биотехнология компанияси бош директори Ми Цзидун 20 сентябрь куни махсус ташкил қилинган тақдимот чоғида эълон қилди.

«Юз кун аввал дунёдаги биринчи клонлаштирилган Арктика бўриси дунёга келди, бу муҳим кунга гувоҳ бўлиш учун биз матбуот анжуманини ташкил қилдик, ва ўйлайманки, бу нафақат SinoGene ва Харбин қутб паркининг муваффақияти, балки ёввойи ҳайвонларнинг қирилиб бораётган турларини ҳимоя қилиш ва кўпайтиришга урнишимиз ва ушбу соҳадаги янгилик бўлди», — деди ташкилот раҳбари.

Нашр маълумотларига кўра, бўри боласи 2022 йил 10 июнь куни Пекиннинг Чанпин туманида жойлашган SinoGene лабораториясида дунёга келган. Жониворга суррогат она сифатида бигль зотидаги ит танланган. Соматик ҳужайраларни олимлар Мая лақабли урғочи ёввойи Арктика бўрисининг тери намунасидан олган. У 2006 йилда Хитойга Канададан келтирилганди.

Ми Цзидун қайд этишича, клонлаштириш жараёни ҳайвонлар учун хавфсиз бўлиб, уларнинг саломатлигига таъсир ўтказмайди. Клонларнинг ҳаёти давомийлиги ҳам оддий ҳайвонларникидан фар қилмайди. Компания бош директори яқин кунларда яна бир клонлаштирилган бўри дунёга келишини ҳам маълум қилди.

Нашр эслатишича, аввалроқ жанубий кореялик олимлар иккита бигль зотли кучукларни клонлаштирган, бунинг учун генларни таҳрирлаш йўли билан ўзгартирилган тери ҳужайраларидан фойдаланилган эди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг