
Фото: AFP
Украина ҳарбийлари 6 февралдан Leopard танкларини ишлатиш бўйича машғулотларни бошлайди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари бош штабининг кечки ҳисоботида айтилган.
Қўмондонлик машғулотлар қаерда ўтказилишига аниқлик киритмаган. Украина Қуролли кучлари бош штаби маълум қилишича, Россия ҳарбийлари маълум йўналишларда қайта тўпланмоқда.
Унинг маълумотларига кўра, Россия армиясининг асосий саъй-ҳаракатлари Купянск, Лиман, Бахмут, Авдийивка ва Новопавловск йўналишларидаги ҳужум операцияларига қаратилган.
Бундан олдин Португалия Украинага Leopard 2 жанговар танкларини юборади, деб хабар берганди мамлакат бош вазири Антонио Кошта. У танкларнинг сонига аниқлик киритмади.
Антонио Коштанинг сўзларига кўра, унинг мамлакати Португалия қуролли кучлари хизматида бўлган бир қатор ишламайдиган танкларни таъмирлаш учун зарур бўлган эҳтиёт қисмларни сотиб олиш мақсадида Германия билан музокаралар олиб бормоқда.
«Биз ҳозирда танкларимизнинг бир қисмини жўнатиш устида ишлаяпмиз, - деди у Lusa Португалия ахборот агентлигига. - Мен Украинага қанча танк берилишини биламан, лекин бу ҳақда ўз вақтида эълон қилинади».
Аввалроқ Испания Leopard 2А4’ни Украинага биринчилардан бўлиб етказиб беришни режалаштираётгани - унинг таркибига тикланган тўртта-олтита танк кириши хабар берилганди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар