
Россияга мажбуран олиб кетилган 128 бола Украинага қайтишга муваффақ бўлди, деб хабар берди Украина Бош прокуратураси болалар манфаатларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Юлия Усенко.
Унинг сўзларига кўра, олиб кетилган украиналик болаларни қайтариш осон жараён эмас: бир болани қайтариш учун бир неча ой вақт кетади.
«Украина қўлидан келган ҳамма нарсани қилмоқда, аммо, афсуски, бу етарли эмас. Дипломатиянинг одатий воситалари фаол эмас, халқаро гуманитар ҳуқуқ талаблари агрессорга тааллуқли эмас, шунинг учун ягона механизм йўқ, мавжуд қоидалар ишламайди», - деди Усенко.
«Укринформ» маълумотларига кўра, Россияда 16 мингдан ортиқ украиналик болалар бўлиши мумкин.
Украина мунтазам равишда Россия ҳукуматини болаларни мажбуран депортация қилишда айблайди - ҳақиқатан ҳам “ДХР” ва “ЛХР” республикалари, Россия томонидан босиб олинган ҳудудлардан юзлаб етим болалар Россияга олиб кетилган.
18 январь куни Украина президентининг болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Даря Герасимчук 125 нафар украиналик бола уйларига қайтарилганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, улар Россия армияси томонидан ўғирлаб кетилган ва депортация қилинган камида 13 899 боланинг маълумотларини текширишга муваффақ бўлишган.
Уларнинг кўпчилиги Россия фуқаролигига қабул қилиниб, рус оилаларида васийликка олинган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар