date
views 431

Лавров Ғарбнинг музокараларга чақирувларини «тактик ҳийла» деб атади

Фото: РИА Новости
Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Украинадаги можарони тўхтатиш борасида Россия ва Ғарб ўртасида музокаралар олиб бориш истиқболи кўринмаётганини айтди. У музокаралар столига ўтириши ҳақидаги чақирувларни Ғарбнинг ҳийласи деб атади.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия ва Ғарб ўртасида Украинадаги вазият бўйича музокаралар олиб боришда истиқбол кўринмаётганини таъкидлади. Бу ҳақда у «Международная жизнь» журналига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Айни пайтда Россия ва Ғарб ўртасидаги музокараларнинг истиқболи кўринмаяпти. Бундан ташқари, Ғарб доимий равишда Киев режими ставкаларини оширишга ундамоқда. Биз ғарбликларнинг музокаралар ўтказиш ҳақидаги чақириқларини Украинанинг қуролланиб олиши учун вақтдан ютишга қаратилган тактик ҳийла деб биламиз. Бу тинч йўл билан ҳал қилиш эмас, балки уруш йўли», деган Лавров.

Шунингдек, Россия ТИВ раҳбари Қўшма Штатлар ҳар қандай музокаралар Украина президенти Володимир Зеленский томонидан таклиф қилинган «тинчлик формуласи» доирасида олиб борилишини талаб қилаётганини айтиб, улар Россияни имкон қадар ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан «заифлаштиришмоқчи» эканини таъкидлади.

 «Фикримизча, бу бемаъни ультиматум позицияси. Биздан фундаментал манфаатларимиз поймол этилишига рози бўлишни талаб қилиб бўлмайди», деди Лавров.

Унинг қўшимча қилишича, Россия «махсус ҳарбий операция» бошланган дастлабки кунларданоқ ўз мақсад ва вазифаларига «сиёсий ва дипломатик воситалар» орқали эришиш йўлларини муҳокама қилиш учун тайёр бўлган.

«Биз Украинанинг музокараларни бошлаш ҳақидаги таклифига тезкорлик билан жавоб қайтардик ва 2022 йилнинг апрелида Украина томони Ғарбнинг илтимосига кўра мазкур жараённи тўхтатиб қўймагунча бу ишни давом эттирдик», деб эслаган Лавров.

Аввалроқ, 5-6 август кунлари Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Украина бўйича маслаҳатлашувлар бўлиб ўтганди. Учрашувда 40 дан ортиқ давлат вакиллари, жумладан АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва ҳатто можарода расман нейтрал позиция эгаллаган Хитой ҳам иштирок этди. Музокара қатнашчилари уруш тугашини қандай тезлаштиришни муҳокама қилди ва улар буни Россия иштирокисиз амалга оширди. Музокаралар ёпиқ тарзда ўтказилди, бироқ унинг марказида Володимир Зеленский томонидан таклиф қилинган тинчлик режаси тургани маълум бўлиб, унга кўра Москва Украина ҳудудларига (жумладан, Қрим ва Донбасснинг босиб олинган ҳудудларига) даъволаридан бутунлай воз кечиши керак.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Лавров Ғарбнинг музокараларга чақирувларини «тактик ҳийла» деб атади