2024 йилги ёзги Олимпиадагача Парижда ҳаво такси хизмати йўлга қўйилади. Таксилар Париж яқинидаги бешта вертипортдан биридан жўнайди. Яна бир майдонча Сена дарёсидаги сузувчи баржада жойлашган.
Skyports компаниясининг Европа ва Яқин Шарқ бўйича инфратузилма бўлими бошлиғи Дамиан Кисели сўзларига кўра, таксига ўтирадиган одам дастлаб рўйхатдан ўтиши лозим.
«Олдин рўйхатдан ўтасиз. Биз буюртма берган одам эканингизни ва бу парвоз вақтингиз эканини билишимиз керак. Бизда кичик зал бор ва жўнашдан тахминан 5 дақиқа олдин ҳаво таксисига чиқишингиз сўралади. Сиз биометрик порталдан ўтасиз ва тамом», деди у.
Аэротакси хизматини йўлга қўйиш учун ҳали Франция пойтахти фуқаролари розилиги керак бўлади. Лойиҳада иштирок этган Aéroport de Paris (ADP) гуруҳи янги қурилмалар шовқини вертолётга қараганда 4 баравар камроқ эканини таъкидламоқда.
ADP ижрочи директори Эдвард Аркрайт сўзларига кўра, кам углеродли авиациядан турли мақсадларда фойдаланиш мумкин.
«Биз биринчи навбатда одамлар, посилкалар, тез тиббий ёрдам ва тиббий хизматларни ташиш ҳақида ўйладик. Бироқ ҳали биз ўйлаб кўрмаган соҳалар ҳам бор», деди у.
Аэротакси Германиянинг Volocopter компанияси томонидан икки ўриндиқли енгил самолёт шаклида ясалган. Ҳозир компания Европа авиация хавфсизлиги агентлигидан рухсат кутмоқда.
Олимпиаданинг очилишига бир йилдан камроқ вақт қолди. Айни пайтда компания назорат органлари ва маъмуриятдан рухсат олиши керак.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг