06:43 / 17.10.2023
203

Қатар украиналик болаларни Россиядан қайтариш бўйича келишувни эълон қилди

Қатар украиналик болаларни Россиядан қайтариш бўйича келишувни эълон қилди

Фото: Reuters

Қатар Ташқи ишлар вазирлиги уруш бошланганидан кейин Россияга олиб кетилган украиналик болаларни ўз оилаларига қайтариш жараёни муваффақиятли кечганини маълум қилди. Москвадаги Қатар элчихонасида болалар учун зиёфат уюштирилди ва улар манзилларигача кузатиб қўйилди, дейилади баёнотда. Қатар ТИВ Россия ва Украина ҳукуматларига ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди.

Financial Times нашрининг ёзишича, Қатар Россия ва Украина билан тўрт нафар украиналик болани қайтариш бўйича келишиб олган. Гап икки ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар ҳақида кетмоқда. Бир бола аллақачон Болтиқбўйи мамлакатлари ва Полша орқали Украинага қайтган. Иккинчиси эса онаси билан Қатар орқали уйига кетмоқда. Яна икки нафари шу ҳафта Қатар орқали Украинага боради. Қайд қилинишича, улар Қатар ва бошқа бир қанча давлатлар бу муаммони ҳал этиш жараёнини бошлаганидан кейин Украинадаги оилаларига қайтган биринчи болалардир.

Аввалроқ, Украина президенти Володимир Зеленский девони раҳбари Андрий Ермак ноқонуний депортация қилинган болалар масаласи билан Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва россиялик олигарх Роман Абрамович шуғулланаётганини айтган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди март ойида Россия президенти Владимир Путин ва болалар ҳуқуқлари бўйича комиссар Мария Лвова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган эди. Улар «болаларни Украина ҳудудидан Россияга ноқонуний равишда депортация қилиш билан боғлиқ ҳарбий жиноят учун жавобгардир», дейилади суд қарорида. Россия ҳукумати ХЖС ваколатини тан олмаслигини, шунинг учун бу қарор ўзи учун қонуний кучга эга эмаслигини таъкидлаб келмоқда.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг